Охирги пайтларда Ўзбекистонда кўплаб турдаги товарлар нархи ошгани кузатилмоқда. Хусусан, фуқаролар шакар нархи ошгани ҳақида ёзмоқда. Камбағалликни қисқартириш вазирлиги шакар нархининг ошишининг асосий сабабларини айтди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда ички бозорда 1 килограмм шакарнинг ўртача нархи 9500-13000 сўмни ташкил этса, айрим савдо нуқталарида шакар нархи 14000 сўмгача кўтарилган.
Шу билан бирга, шакар нархининг 52 фоизга (14 минг сўмдан 21 минг сўмгача) ошиши билан бир қаторда МДҲ мамлакатларида ушбу маҳсулот етишмаслиги ҳам кузатилмоқда. Қўшни ва бошқа МДҲ давлатларида нархларнинг ошиши, ўз навбатида, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида Ўзбекистон ички бозорида шакар нархининг инфляцион кутилмалари ўсишига хизмат қилди.
Бозор иқтисодиёти, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиёти билан минтақа ва бошқа мамлакатлар иқтисодиёти ўртасидаги ташқи савдо ҳамкорлигини кенгайтириш ва эркинлаштириш шароитида қўшни давлатлар нархларидан кескин фарқ қилувчи ички нархларни ушлаб туриш амалда мумкин эмас. Хусусан, жорий йилнинг январ-май ойларида шакар ишлаб чиқариш ҳажми 35 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга (224 минг тоннадан 259 минг тоннага) кўпдир. Таклифнинг ортишига қарамай (биржада сотиш ҳажми 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача ошди), шакар нархи асосан ташқи омиллар таъсирида ошган. Шакар нархининг ошиши, биринчи навбатда, ушбу маҳсулот ва унинг учун хомашёни Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт-логистика муаммолари, шунингдек, ёқилғи ресурслари нархининг ошиши билан боғлиқ.
Натижада, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “DAP Uzbekistan” орқали Ўзбекистон Республикаси чегарасига етказиб бериш учун тайёр шакар нархи (божхона тўловлари ва солиқларсиз) йил бошидаги 674 доллардан 840 долларга ёки 25 фоизга ошган. Вазирлик, шунингдек, Ўзбекистонда шакар тақчиллигининг олдини олиш чоралари кўрилганини қайд этди. Вазирлик маълумотларига кўра, мамлакатимизда маҳсулотнинг зарур захираси яратилган.