Истеъмолчилар томонидан харид қилиш чоғида тарозиларнинг нотўғри ўлчаётгани юзасидан шикоятлар келиб тушмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан республикадаги 190 дан ортиқ бозорлар ўрганилди. Бу истеъмолчиларга чакана савдони амалга оширувчи 51 мингга яқин савдо мажмуалари ва бозорларнинг савдо жойларини қамраб олди, деб ёзмоқда агентлик ахборот хизмати.
Хусусан, ўрганишларда қўлланилаётган олти мингга яқин тарози асбобларидан 1474 таси фойдаланишга яроқлилиги тасдиқланмади. Уларда ўз вақтида кўрикдан ўтказилганини тасдиқловчи белги мавжуд эмас. Бундай тарозилар меъёрда хизмат кўрсата олмаслиги мумкин, ўлчовларнинг аниқлиги ҳам кафолатланмаган.
Шуни таъкидлаш жоизки, Агентликка истеъмолчилар томонидан харид қилиш чоғида тарозиларнинг нотўғри ўлчаётгани юзасидан шикоятлар келиб тушмоқда. Истеъмолчи томонидан сотиб олинган маҳсулотлар қайта тортиб кўрилганида вазни кам чиққани маълум бўлган.
Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида сотувчилар томонидан товарларни савдо давомида тарозиларни ўрнатиш талаблари бузилгани ҳам аниқланди. Харидорлар тарозилар ўрнатилган жой атрофи турли товарлар ёки инвентарлар билан тўсиб қўйилгани боис ўлчаб тортиш жараёнини кузатишнинг иложи бўлмаган.
Агентлик томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари Хоразм вилоятидаги “Qo‘shko‘pir dehqon bozor” МЧЖда тарози жиҳозлари ҳолати аянчли экани, бу ердаги мавжуд савдо объектлари умумий сонининг атиги 2 фоизигина савдо марказлари вазн тарозилари билан жиҳозланган, холос.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Нукус деҳқон бозори” акциядорлик жамиятига қарашли деҳқон бозорида фаолият кўрсатаётган умумий савдо марказлари ва шохобчаларининг (1036 та) бор-йўғи 15 фоизи (159 та) да тарозилар бор.
Андижон вилояти Асака тумани деҳқон бозори “Асака деҳкон бозори” масъулияти чекланган жамиятида тарозилар билан жиҳозланиш даражаси атиги 5 фоизни ташкил этади.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига кўра, истеъмолчи иш, хизматлар, шунингдек ижрочи, сотувчи тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарорига асосан, Савдо операциялари ўлчаш-тортиш воситаларидан (тарозилар, тарози тошлари, ўлчовли сиғимлар, метрлар ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган бозорларда метрологик қоидалар ва нормалар талабларига мувофиқ бўлган ўлчов анжомлари мавжуд бўлиши шарт.
Тарозилар ва бошқа ўлчов анжомлари сотувчининг иш жойида тортиб кўриш, қийматини аниқлаш ва товарни бериш бўйича барча жараёнларнинг кўриниб туриши таъминланган ҳолда ўрнатилиши керак.
Ўрганиш натижаларига кўра, қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш юзасидан бир қатор деҳқон бозорларига тегишли кўрсатмалар берилди.
манбаMy Webpage