Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан “Элга хизмат” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилган. Мазкур корхона учун деҳқон бозорларининг аҳоли гавжум ва харидорлар учун қулай бўлган жойларидан 40 та савдо нуқтаси ажратилган. Арзонлаштирилган маҳсулотлар аҳолига нақд пулга ҳамда пластик карточкалар орқали сотилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар қилмоқда.
Шунингдек, деҳқон бозорларида гўшт нархининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида жами 30 та савдо жойлари бепул ажратиб берилган. Улар томонидан арзонлаштирилган нархларда қўй ва мол гўшти - 1 кг. учун 32000-36000 сўмдан сотилиши;
Тухумнинг донаси 350 сўмдан 550 сўмгача, музлатилган ва янги сўйилган товуқ гўшти келтирилиб 1 кг.ми 14.000-18.000 сўмгача нархларда аҳолига сотилиши ташкил этилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ташаббуси билан деҳқон бозорларининг марказий ҳудудларидан озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси учун жойлар ажратилган ва уларда товарлар арзонлаштирилган нархларда сотилиши йўлга қўйилган. Масалан: шакар 4600сўмдан 4850 сўмгача, ун 2700 сўм, гуруч 5700 сўм, ўсимлик ёғи 8800-9000 сўм. Бу савдо нуқталарида ҳам тўлов нақд пул ҳамда тўлов терминаллари орқали амалга оширилмоқда.
Шу кунга қадар Тошкент шаҳар деҳқон бозорларига Сурхондарё вилоятидан 1500 тоннадан ортиқ картошка, пиёз ва карам маҳсулотлари келтирилиб, алоҳида ташкил этилган савдо расталари ва юк машиналари орқали арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда.
Айни пайтда барча деҳқон бозорлари худудларида 40 дан ортиқ юк машиналари ҳамда алоҳида ташкил этилган савдо расталари орқали арзонлаштирилган нархларда 375 тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, сабзавотлар ва хўл мевалар савдоси ташкил этилди ва давом этмоқда, дея маълум қилди ҳокимлик.