Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари Ўзбекистонда гўшт нархи ошишига «қассоблар монополияси» сабаб бўлаётганини айтди. Бу ҳақда "Дарё" хабар қилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган анжуманда чорвачилик тармоғини ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли гўшт билан таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар чоғида қўмита раиси ўринбосари Аброр Акбаров Тошкентдаги кушхона эгаларининг «ўйинлари», гўшт нархига сунъий таъсир этаётган омиллар ҳақида маълумот берди.
«Вилоятдан бирор киши мослаштирган кушхонага (талабга жавоб бермайдиган — таҳр.) мол олиб келса, кушхона эгаси ‘молнинг бир кило гўштини 37,5 минг сўмдан эмас, 38,5 минг сўмдан ‘вариантга’ (маълум вақтдан кейин пулини бериш — таҳр.)га ташлаб кетинғ, дейди. Ўша одам кейинги сафар яна мол олиб келганда ундан аввал ‘вариантга’ сўйиб олинган молнинг пулини беради. Шундай қилиб ишланади ва натижада 30-50 та мол кушхонанинг ҳисобига ўтиб қолади. Мол эгаси ҳар сафар келганда янги молни эмас, балки эски молнинг пулини олиб кетади. Шу ҳолатда 50 тадан мол олиб келиш 10 марта бўлса, 500 та молнинг ўзи ҳам, пули ҳам йўқ. Кушхона эгалари бугун олиб келинган молнинг пулини бундан уникини, унисидан буникини олиб бериб, ‘молиявий пирамидаъга ўхшаган нарсани ташкил қилиб олган. Нима учун улар замонавий кушхоналарга ўтмаяпти? Чунки, улар кушхонанинг ўзида туриб гўшт нархини 1,5 минг сўмгача сунъий кўтариб юборади», — дея таъкидлади қўмита раиси ўринбосари.
Бунга қўмита матбуот котиби Анвар Суюнов Тошкентдаги монопол қассобларни «синдириш» учун арзон нархда гўшт сотишга мўлжалланган янги растлар ташкил этилганини қўшимча қилди.
«Бундан бир ҳафта олдин ‘гўшт нархи 60-65 минг сўмга чиқиб кетди’, деган гап тарқалди. Тўғрисини айтганда, Қашқадарёдан мол олиб келиб, сўйиб, Тошкентдаги Чорсу бозорида сотолмайсиз. У ернинг ўз монополияси бор. Шунинг учун, қассоблар монополиясини ‘синдириш’ учун Тошкент шаҳридаги бозорларда қўшимча 150 та гўшт расталари ташкил этиш бўйича таклиф берилди. Бундан мақсад, ушбу расталарда вилоятлардан мол гўшти олиб келганларга эмин-эркин савдо қилишни таъминлаш. Бундан ташқари, шу орқали гўшт нархи кўтариладими, тушадими ёки бир хил нархда сақланиб қоладими, деган саволга жавоб изладик. Бу гўшт нархини тушириш учун эмас, балки монополияни ‘синдиришъга қаратилган. Тўғри, янги ташкил этилган расталарда, яъни «Элга хизмат» нуқталарида гўштни 37-39 минг сўмдан сотиш бўйича тавсиялар берилди. Оддий расталарда гўшт нархи 42-43 минг сўм бўлса, биз ташкил этган расталарда эса 37-39 минг сўмдан. Чунки ‘Элга хизматъда текин раста ва музлатгичдан исталганча жой ажратиб берилади, кунлик паттага ҳам пул олинмайди. Бу ишлар бозор, шаҳар маъмурияти, прокуратура органлари ва қўмита назорати остида амалга оширлади. Расталарда сотувчилар гўштни 37-39 минг сўмдан пуллаган тақдирда ҳам бир кило гўштдан 2-3 минг сўмдан фойда олади. Қассоблар ўртасидаги монополияни синдириш — вилоятдан кириб келаётган гўшт кимларнингдир ‘столидан’ айланиб эмас, тўғри бозорга кириб келишини таъминлаш», — деди қўмита матбуот котиби.