Ўзбекистонда жорий йил 15 августдан бошлаб энергия ресурслари тарифларига янги нархлар жорий этилди. Молия вазирининг ўринбосари Баҳром Ашрафхонов ЎзАга бу борада изоҳ берди.
—Охирги марта нархлар 2018 йил 16 ноябрда ўзгартирилган бўлиб, аҳоли учун 1 киловатт/соат электр энергияси 250 сўм, 1 куб метр табиий газ 320 сўм эди. Вақт ўтиб, бу нархлар таҳлилий кўриб чиқилгач, ҳозирги инфляция даражасини эътиборга олган ҳолда ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, 1 киловатт/соат электр энергияси 295 сўм ёки (+18 фоиз), 1 куб метр табиий газ 380 сўм (+18 фоиз) этиб белгиланди.
Бугунги кунда аҳоли маиший хизматлар учун суюлтирилган газдан ҳам кенг фойлаланмоқда. Шу туфайли газнинг 1 килограммига 1 минг 120 сўм (+18 фоиз) нарх қўйилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 августидан бошлаб:
Аи-80 маркали автомобиль бензинининг чакана нархи бир литри учун 4500 сўм (4000 сўм эди);
Дизел ёқилғисининг чакана нархи бир литри учун 5400 сўм (4800 сўм эди) этиб белгиланмоқда.
Аслида мазкур энергия манбаларининг асл таннархи аҳолига сотилаётганидан анча баланд ҳисобланади. Масалан, 1 киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 450 сўм сарфланмоқда. Шунингдек, 1 куб метр табиий газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш 751 сўмни ташкил этади.
Мамлакатда янгидан янги саноат зоналари, корхоналар қурилаётгани, аҳоли сони ортаётгани, янги маҳаллалар ва ёш оилалар кўпаяётгани туфайли энергия ресурсларига эҳтиёж ҳам кун сайин ошмоқда. Шуни эътиборга олиб, электр энергияси ва табиий газни ишлаб чиқариш ва узлуксиз етказиб бериш мақсадида нархларга ўзгартириш киритилди.
Ушбу табиий ресурсларнинг ўз таннархидан паст даражада сотилиши хорижлик инвесторларнинг соҳадаги ҳамкорлигига тўсқинлик қилмоқда.
Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ва табиий газни бошқа давлатлардагига нисбатан солиштирганда ҳам анча фарқ борлигини кўрамиз. Масалан, 1 киловатт/соат электр энергияси нархи Россия Федерациясида 378 сўм, Молдовада 860 сўм, Қирғизистонда 350 сўм, Тожикистонда 380 сўм, Қозоғистонда 340 сўмни ташкил этади.
Ўз навбатида, 1 минг куб метр табиий газ Украинада 100-150 доллар, Россия Федерациясида 80-100 доллар, Беларусда 90-110 доллар, Қозоғистонда 80-90 доллар, Қирғизистонда 214 долларга тенг. Ўзбекистонда бу нарх 37,7 долларни ташкил этади.