Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги қуйи ташкилотларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш борасида тегишли ишларни амалга оширмоқда, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Электр ва газ таъминоти корхоналари ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузарликларни таҳлил қилиш орқали, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қўшимча маблағлар туширилди. Шунинг билан бирга, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) ва Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзнефтгазинспекция) томонидан қонунбузилишларни аниқлаш юзасидан тегишли ишлар олиб бориляпти.
Жумладан, 2019 йил 1август ҳолатига кўра, дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 1,9 миллиард зарар етказилганлик ҳолати бўйича энергетика тизимидаги корхоналар ишчиларига нисбатан прокуратура томонидан 25 та жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят ишлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг «талон-тарож қилиш», «фирибгарлик», «электр, иссиқлик энергияси, газ ва сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш»,«мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «сохталаштириш» ва бошқа моддалари бўйича қўзғатилган.
Энергетика тизимидаги корхоналарининг айбдор шахсларига нисбатан озодликдан маҳрум этиш (3 киши), ахлоқ тузатиш ишлари (2 киши), жарима (1 киши) ва бошқа жазо чоралари тайинланди.
Ҳозирги вақтда етказилган зарардан 116,3 миллион сўми «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ корхоналарининг ҳисоб-рақамларига қайтарилган.
Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 21,1 миллион сўм миқдорида зарар етказганлик ҳолати бўйича Зирабулоқ магистрал газ тармоғи бошқармасининг 2 нафар ходимига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.