Энергетика вазирининг ўринбосари бу йил электр нархини кўтариш режалаштирилмаганлигини маълум қилди.
Бу ҳақда Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев 29 август куни бўлиб ўтган брифинг чоғида айтган.
“Ҳозирча тарифларни ошириш кўзда тутилмаган. Биз камида бир йилга тарифларни белгилаш сиёсатини олиб борамиз”, деди Хўжаев.
Шерзод Хўжаев иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда энергия самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш лозимлигини таъкидлаган.
Ҳукуматдаги манбанинг Togri.uz’га маълум қилишича, йил охирига келиб газ ва электр энергиясининг тарифлари яна кўтарилади. Бу мамлакатда энергия манбалари учун белгиланган паст тарифларни энергиянинг юқори нархига яқинлаштириш учун амалга оширилади.
Хусусан, электр энергияси 65 сўмга сотилмоқда. Бу унинг асл нархидан паст. Агар энергия нархи қопланиши керак бўлса, электр энергиясининг тарифлари яна 22 фоизга ошиши керак ва газ деярли икки баравар қимматга тушади.