Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи: Белоруссия ва Россия муносабатлари

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи: Белоруссия ва Россия муносабатлари
Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, Белоруссияда ЯИМнинг ўсиши 2016 йилдан сўнг 60 млрд. АҚШ долларидан 63 млрд. АҚШ долларигача ошган, бу эса ХВФ маълумотларига асосан айтганда, 2019 йилдаги ЯИМнинг прогноз ўсиши 1,5 фоизни ташкил этишини кўрсатади.

Умуман олганда, иқтисодиётнинг асосий саноат тармоқлари бўлиб металлургия саноати, машинасозлик, метални қайта ишлаш, нефт ва кимё, озиқ-овқат саноати ҳисобланади. Шунингдек, савдо балансидаги қолдиқ салбий бўлиб, импорт ҳажми экспорт ҳажмидан ортиқ ҳисобланади.

Белоруссиянинг асосий савдо ҳамкорлари сифатида ЕОИИ мамлакатлари, Европа Иттифоқи давлатлари ва бошқалар ҳисобланади. Охирги ўн йилликда Россия билан савдо муносабатлари сезиларли даражада мустаҳкамланди. Умуман олганда, Белоруссия Вазирлар кенгашининг 2017 йил 12 январдаги қарорига кўра экспорт таркибини диверсификация қилиш назарда тутилган. Унга кўра, ЕОИИнинг улуши – 36,6 фоиз, Европа Иттифоқининг улуши 31,8 фоиз ва бошқа мамлакатларнинг улуши 31,6 фоизни ташкил этади. Ушбу қарорнинг ижроси натижасида ЕОИИнинг улуши 2019 йил январ-май ойларида 40 фоиз атрофида бўлганлигини қайд этиш лозим, шундан Белоруссия экспортининг 93,8 фоизи Россияга тўғри келганлиги эътиборли ҳолатдир. Шунингдек, 2019 йилнинг январ-март ойларида Белоруссиянинг импортида ЕОИИ улуши 62 фоизни ташкил этган бўлса, шундан 99 фоизи Россия улушига тўғри келади. Умуман олганда, Россиянинг Белоруссия импортидаги улуши 60 фоиз атрофида бўлмоқда. Асосий савдо шериклари сифатида Хитой, Украина, Буюк Британия ва Германия кабиларни келтириш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, Белоруссия савдо ҳамкорлари орасида Россия сезиларли ўринга эга бўлмоқда. Шу боисдан, Россия билан ҳамкорликдан узоқлашиш иқтисодий мазмунга эга эмас. Аксинча, Белоруссия Президенти Лукашенконинг интеграциянинг салбий жиҳатлари ҳақидаги баёнотлари бошқа мақсадларни кўзлаганлиги кўриниб турибди.

Аммо, таъкидлаганимиздек, айрим оммавий ахборот воситалари Лукашенконинг сўзларидан масъулиятсизларча, бошқа маъно чиқаришга уринишмоқда. Масалан, “маҳсулотларимиз учун бозорларни ёпиб қўйишса, бу қандай ягона иқтисодий макон?” деган сўзлари келтирилгану, лекин Россия санкция қўйган давлатларнинг маҳсулотларини реэкспорт қилишга уринилганлиги ҳақида лом-мим дейилмаган?!

Шунингдек, Лукашенконинг “Белорусь Россия билан конструктив ҳамкорликка тайёр, аммо тенг ҳуқуқларда. Ва Белорусь манфаатларига зарар етказадиган ҳеч қандай ҳужжатни имзоламайди” деган сўзларига тушунтириш берилмаган, яъни у ЕОИИга интеграцияни мутлақо салбий, деб баҳолаётгани йўқ-ку!? Бундан ташқари, унинг “ёдда тутинг! Мен 3−4−5 йил президент бўлиб ишлаган йигитча эмасман. Менга етарлича бўлди. Ва мен сизлар билан, халқ билан амалга оширилган ҳамма нарсани ўчириб ташламоқчи эмасман – мустақил давлатни қутига солиб ташлаб юбориш ёки кимгадир бериш учун ташкил этдимми?” деган сўзларининг ЕОИИ иттифоқига мутлақо алоқаси йўқ, чунки ҳаттоки мутахассис бўлмаган одамга ҳам кўриниб турганидек, у бу сўзлари билан муҳолифатнинг “президент ЕОИИга кириш билан мамлакат мустақиллигини ҳам бериб юбормоқчи”, деган ғийбат гапларига зарба урмоқчи бўлаяпти, холос.

Устига устак, бизнинг ОАВ вакилларининг айримлари яна ўзларига ўзлари қарши чиқиб, Белорусь “экспертлар гуруҳлари... даражасида келишилган интеграция бўйича ҳужжатлар ва йўл хариталари устида ишламоқда”, деб таъкидламоқдалар.

Биз ОАВларининг юқорида келтирилган қарашларини уларнинг нохолислиги сифатида баҳолаймиз, яъни улар мамлакатимизнинг ЕОИИга киришига қаршилик кўрсатаётганларнинг тегирмонига сув қуймоқдалар!

Шунингдек, 2019 йил 7 декабр куни Россия ва Белоруссия раҳбарлари Сочида 5,5 соатлик учрашувида ҳам интеграцион жараёнларни ривожлантириш борасида қатор масалаларни муҳокама қилганликларини қайд этиш лозим.

Жорий йилнинг 5 декабрида Россия ҳукумати раҳбари Д.Медведев томонидан икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик юқори аҳамиятга эга эканлигини, интеграция жуда юқори даражадалигини таъкидлаб, эмоционал жараёнлар бунга таъсир этмаслигини айтиб ўтди.

2019 йил 5 декабрда кун.уз сайтида Белоруссия Социология институти апрель ойида ўзи ўтказган тадқиқот натижаларини келтирди. Унга кўра: “мамлакат фуқароларининг 49,9 фоизи Белорусь мустақил давлат бўлиши ва Россия билан муносабатларни халқаро шартномалар асосида қуриши керак”, деб ҳисоблайди. Белоруснинг Россия Федерацияси таркибига кириши тарафдорлари 2019 йилда атиги 7,7 фоизни ташкил этган.

Белоруснинг буткул мустақиллигини истовчи фуқаролар сони 2003 йилдан буён 14,9 фоизга ошган, Россия билан тенг ҳуқуқли иттифоқ тарафдорлари эса, 13,3 фоизга камайган, деб қайд этмоқда Белорусь расмий социологлари. Шу билан бирга, уларнинг таъкидлашича, белоруслар Россияни энг яқин дўст мамлакат (60,5 фоиз) ва ташқи сиёсатдаги энг муҳим йўналиш (47,6 фоиз) деб билишади”.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳиссиётга берилган баёнотларда Белоруссия иттифоқдан алоҳида ишлашни ҳоҳласада, ташқи савдо бўйича статистика ва аҳоли ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур масалага атрофлича таҳлилларга асосланиб ёндашиш долзарб ҳисобланади.

Хулоса шуки, агар Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, бу жараён иқтисодиётимизга ҳамда ҳаётимизга катта ижобий ўзгаришлар олиб келиши шубҳасиздир. Шу сабабли, ушбу ўзгаришларда миллатимиз манфаатини ҳисобга олишимиз муҳимдир.



Нодир Жумаев
иқтисод фанлари доктори, профессор

Дилшоджон Раҳмонов
иқтисод фанлари доктори

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Иқтисодиёт » Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи: Белоруссия ва Россия муносабатлари