Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев санъаткорлар ва даромадини яширганлардан солиқни қандай ундириши ҳақида айтди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Мирзаев энди санъаткорлар ҳам декларация тўлдириб солиқни тўлашини билдирди. Агар декларация нотўғри тўлдирилса жарима тизими борлиги таъкидланди. Ҳозирда нафақат санъаткорлар, балки жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳам даромадини билиш бўйича янги методлар ишлаб чиқилаётгани айтилди. Шунингдек, эндиликда нақд пулда ҳисоб-китоб қилсам камроқ солиқ тўлайман деб ҳом ҳаёл қилиш кетмаслиги ҳам таъкидланди. Мирзаев даромадини яшириб, хато кўрсатганлар қандай аниқланиши ҳақида қуйидагича фикр билдирди.
“Дейлик, улар декларация тўлдирди, лекин ҳамма даромадини кўрсатмади. Бироқ бир йилдан кейин у битта уй ёки машина олди. Биз чақирамиз, мана декларация, шунча солиқ тўладингиз, даромадингизни қаердан олдингиз, кўрсатинг, деймиз. Улар айтиши мумкин отамдан, онамдан олдим, деб. Хўп, шундай ёзиб беринг, дейилади. Ёзиб бергач, отаси-онаси ёки бошқаларнинг даромади кўтарилади” – дейди раис ўринбосари.
ДСҚ раис ўринбосари бугунги кунда солиқ органларини алдаш мумкинмаслигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда ишга лаёқатли ҳар бир фуқаронинг даромадининг базаси шакллантирилмоқда.