Марказий банк тижорат банклари раҳбарлари ва кредит олувчиларга мурожаат қилди. Мурожаат матни МБнинг расмий сайтида эълон қилинди.
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонига мувофиқ, Марказий банк томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича тўловларни амалга ошириш муддатини 2020 йилнинг 1 октябрига қадар кечиктириш, шунингдек, жорий этилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтган кредитларига жарима санкцияларини қўллаш ва ундирувни гаров таъминотига қаратмаслик бўйича шарт-шароитлар яратиш ва мавжуд тартиб-таомилларни соддалаштириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу билан бирга, назорат талаблари енгиллаштирилганлиги билан боғлиқ чора-тадбирлар тижорат банкларига етказилди.
Бироқ шунга қарамай, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш даврида тижорат банкларида молиявий қийнчиликларга дуч келган қарздорларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарорлар жойлардаги филиалларга етказилмаганлиги ҳамда ушбу қарорлар юзасидан аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмаётганлиги, айрим банкларда бундай қарздорларни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилмаётганлиги кузатилмоқда. Бундан ташқари, мижозлар билан алоқа каналлари (веб-сайт, ишонч телефони, телеграм-бот) узлуксиз ишлаши таъминланмаган.
Шу муносабат билан, Марказий банк тижорат банклари раҳбарларини карантин даврида марказий телеканалларда, шу жумладан, “Коронавирус инфо”да доимий брифинглар ўтказиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар орқали банк билан боғланиш бўйича алоқа каналлари (веб-сайт, ишонч телефони, телеграм-бот) тўғрисидаги маълумотларни кенг тарғиб қилган ҳолда, мижозлар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш тартиби (шу жумладан, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб бериш) юзасидан мунтазам равишда тушунтириш ишларини олиб боришга чақиради.
Шу ўринда, кредит ташкилотларининг қарз олувчиларига ҳам мурожаат қиламиз:
Кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланилиши лозим.
Келгусида қарз олувчиларда қарз суммаси ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорларга ўз кредитларини кредит шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни давом эттиришни тавсия этади", - дейилади мурожаатда.