Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов иқтисодчи Бекзод Ҳошимов билан суҳбат қилди.
Суҳбат давомида Молия вазири аҳолини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш давлатнинг асосий мақсади эканини айтди. Ишметов карантин даврида уйда қолаётганларга моддий ёрдам бериш фикрига аллақачон келинганини таъкидлади. Бунинг бюджетга таъсири ҳам ўрганилиши кераклиги, лекин ушбу масала иккинчи даражали эканлиги, биринчи навбатда ижтимоий масалага эътибор қаратиш зарурлиги қўшимча қилинди.
Ишметовнинг таъкидлашича Ўзбекистонда ҳар бир оилага ёрдам пулларини тарқатиш керак. Бунда пулларни банкдаги ҳисоб рақамлар, яъни пластик картага ўтказиш кераклиги айтилди.
"Бошқа йўлни кўрмаяпмиз. Иккинчидан, бир оила принципига асосланиш керак. Яъни пулларни алоҳида шахсга эмас, оилага унинг катталигидан келиб чиқиб тарқатиш лозим. Ишсизлар ва даромадидан айрилганларнинг асосий қисми хусусий секторда, чунки давлат сектори маблағ олишни давом этмоқда. Банк картаси бўлмаса, уни очиш ва ўшанинг ичига пул ташлаб бериш керак", - дея Молия вазирининг сўзларини келтирди "Дарё" нашри.