Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Алишер Усмонов томонидан хайрия қилинган 5 млн доллар бўйича ҳисобот берди.
Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида бўлиб ўтган брифингда «Саховат ва кўмак» жамғармасига шу кунга қадар 194 млрд 625 миллион сўм маблағ келиб тушгани маълум қилинди. Хабар қилинишича, 300 минг 383 та оилага 118 миллиард 995 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Жумладан, 2 822 та оилага 399 млн 531 минг сўмлик дори, ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалари учун, 24 619 та оилага 9 млрд 626 млн сўмлик бошқа турдаги маҳсулотлар учун, 67 296 та оилага 71 млрд 110 млн сўм миқдорида нақд пул кўринишда маблағлар берилган.
Шунингдек, брифингда «USM Holdings» асосчиси Алишер Усмонов томонидан хайрия қилинган 5 млн доллар ҳақида ҳам гапирилди.
Ахборот хизмати раҳбарининг ҳисоботига кўра, ушбу маблағ Андижон, Наманган, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари томонидан шакллантирилган 19009 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога 2 500 000 сўмдан пластик карточкаларга кўчирилган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги 63 та маҳалладан 1515 нафар фуқарога 2 500 000 сўм маблағ пластик карточкаларига ҳам кўчирилган.