Ўзбекистонда фаолият юритаётган тўлов тизимлари фаолиятидаги узилишлар учун Марказий банк энг кам иш ҳақининг 5000 баравари (1 миллиард сўм)гача жарима солиши мумкин. Марказий банкнинг бу таклифи «Тўловлар ва тўлов тизимлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасида келтирилган. Бу ҳақда Daryo-Live хабар қилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, агарда тўлов тизимининг носозлиги узлуксиз тўлов хизматлари кўрсатилишига таъсир кўрсатса, Марказий банк қуйидаги чораларни кўриши мумкин:
-операторга белгиланган муддатда носозликнинг олдини олиш буйруғини юбориш;
- энг кам иш ҳақининг 5000 баробаригача жарима солиш;
- олти ойгача баъзи операцияларни амалга оширишни чеклаш;
- уч ойгача лицензияни тўхтатиб қўйиш.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Uzcard тизимида 15 сентябрь куни носозликлар юзага келиб, кейинги 45 соат давомида мамлакат бўйлаб пластик карталар ва тўлов терминаллари ишга яроқсиз бўлиб қолганди.