Кеча, 18 ёюль куни бўлиб ўтган брифингда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари Соҳиб Саифназаров иштирок этди.
Саифназаров брифингда соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.
"Уч йил ичида 3,6 млн аҳолига сув етказиш учун маблағ ажратилган бўлса-да, амалда бор-йўғи 30 фоиз хонадонга сув етиб борган", - дейди вазир ўринбосари.
Шунингдек, брифингда ушбу соҳани ривожлантириш учун ажратилган пуллар ва уларнинг самараси ҳақида ҳам сўз борди.
"Сўнгги 2 йилда соҳага бюджетдан 3,7 триллион сўм ажратилди. Бундан ташқари, 48 та лойиҳага 1,9 млрд доллар хорижий кредитлар жалб қилинган. Лойиҳаларни танлашда жойлардаги ҳолат, аҳолининг талаби ва мавжуд сув манбалари кўп ҳолларда тўлиқ ўрганилмаяпти.
Кредитларни қайтариш юки бюджетга тушяпти.
Мисол учун, хорижий кредитлар бўйича сув таъминоти корхоналари учун охирги 2 йилда бюджетдан 117 млрд сўм (12 млн доллар) тўлаб берилди.
Сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш схемаси 2010 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилган ва янгиланмаган", - дея қўшимча қилди Соҳиб Саифназаров.
Вазир ўринбосари юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланганини маълум қилди.