Коронавирус билан касалланганларни даволаётган тиббиёт ходимларига сменадаги меҳнатига ҳар куни, ўз вақтида ҳақ тўланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида коронавирус пандемиясига қарши курашиш, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини, аҳолига сифатли ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш қамровини ошириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳисоботини тинглаш жараёнида маълум қилди.
Бугун бўлиб ўтган презентация шаклидаги муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, марказий муассасалар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга жалб этилган бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Президент пандемия шароитида соғлиқни сақлаш миллий тизимини қўллаб-қувватлаш, жумладан, пойтахтдаги спорт мажмуалари негизида ташкил этилаётган тақсимлаш марказлари ва янги клиникаларни тиббий ходимлар билан таъминлаш, коронавирус билан хасталанган шахсларни самарали даволашга мамлакатимиз ҳарбийлари, ҳарбий-тиббий муассасаларнинг хизматчилари ва тиббиёт мутахассисларини жалб қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.
Жалб қилинаётган тиббиёт ходимларининг сменадаги меҳнатига ҳар куни, ўз вақтида ҳақ тўлаш, уларни зарур якка тартибдаги ҳимоя воситалари, озиқ-овқат ва ётоқ билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.