Ўзбекистонда камбағал аҳоли сони маълум қилинди. Бу бўйича маълумот Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов томонидан тақдим этилди.
Вазир ўринбосарининг айтишича, Ўзбекистоннинг 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолиси камбағал. Ортиқов бундай аҳолининг сонини қисқартириш мақсадида комлекс ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилганини, вазирлар, ҳокимлар ва секторлар раҳбарларига бу бўйича аниқ топшириқлар берилганини таъкидлади. Шунингдек, унинг айтишича, ҳозирги пандемия жараёни камбағалликни қисқартириш бўйича ишларга катта зарар етказмоқда. Лекин шундай бўлсада, шу даврда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати томонидан 321 мингга яқин оилаларга 127 млрд. 700 млн. сўмдан зиёд маблағлар сарфлангани маълум қилинди.
Ортиқов олдинда БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкининг экспертлари билан биргаликда камбағалликни қисқартиришнинг концептуал ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси турганини таъкидлади. Ўзбекистонда 2030 йилгача камбағалликни қисқартириш стратегияси ва концепцияси тайёрланиши маълум қилинди. Вазир ўринбосари бунда Хитой тажрибасидан фойдаланилишини билдирди.