2017-2019 йилларда иқтисодиётда ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2,1 баробарга, шу жумладан, марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига 2,8 баробарга ортган. Ялпи ички маҳсулот таркибидаги инвестициялар улуши 2016 йилдаги 21 фоиздан 2019 йил якунига кўра 38 фоиздан кўпроққа ўсди. Ушбу даврда ташқи савдо айланмаси ҳажми 1,7 баробарга ошди.
Инвестициялар ва ташқи савдодаги юқори фаоллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг 1,24 баробарга, қурилишнинг 1,44 баробарга ўсишига рағбатлантирувчи таъсир кўрсатди, уларнинг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улуши эса 24,1 фоиздан 33,2 фоизгача ўсди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 августдаги «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эгадир.
Негаки, унга мувофиқ, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 минг бараваридан юқори бўлган импорт товарлари харидларининг мақсадга мувофиқлиги ҳар чоракда кузатув кенгашлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади.
Хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланади ва чегараланади. Шу билан бирга, давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар бўйича тендер (танлов) иштирокчилари таклифларини баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг CIP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилади.
2021 йил 1 январдан эса стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар учун товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг алоҳида тартиблари бекор қилинади.
Қарорда белгилаб қўйилганидек, жорий йил 1 октябрдан бошлаб бюджет ва корпоратив буюртмачилар раҳбарлари харид қилиниши назарда тутилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатини шакллантиришда уларни cooperation.uz порталида рўйхатдан ўтган маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкониятини мажбурий тартибда ўрганади.
Корпоратив буюртмачи – корхоналар раҳбарлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан (техник кўрсаткичлар, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва муддатлари бўйича) харид қилиш имкони бўлмаган тақдирда, товарлар (ишлар, хизматлар)нинг корпоратив харидларини импорт орқали амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини кузатув кенгашларига (таъсисчиларнинг умумий йиғилишларига) асослаб беради.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу ҳужжат билан 2021 йил 1 январдан хорижий мамлакатларда хавфли маҳсулотлар ҳақида тезкор хабар бериш ахборот тизимига киритилган маҳсулотларни «эркин муомалага чиқариш учун» божхона режимига расмийлаштириш тақиқланади.
Яна бир муҳим жиҳат, 2021 йил 1 январга қадар халқаро, минтақалараро ва хорижий стандартларни уларнинг асл тилидаги маҳсулотга талабларни ўзгартирмасдан худди шундай кўринишда қабул қилиш орқали, 1995 йилгача тасдиқланган 5 236 та стандартлар «тартибга солувчи гильотина» усулида бекор қилинади.
Шунингдек, 1 январгача давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолашнинг умум қабул қилинган тамойиллари (PIMA) асосида марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициявий лойиҳаларни тўлиқ ва узлуксиз мониторинг қилиш тизими жорий қилинади.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз қарорида «Давлат харидлари тўғрисида«ги қонун лойиҳасини (янги таҳрирда) ишлаб чиқилиши ҳам белгиланган. Қарорнинг қабул қилиниши эса рақобат муҳитини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва давлат харидлари тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари