Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдурашид Исмоилов жорий йилнинг 1 январидан жорий этиладиган пенсия тайинлашдаги янгиликлар ҳақида ЎзА мухбирига сўзлаб берди.
Жумладан, Абдурашид Исмоилов мухбирнинг қуйидаги саволига жавоб қайтарди.
– “Ишламаган – тишламайди” деганларидек, аҳоли орасида ишламаган, уйда ўтирганларга энди пенсия берилмас экан, деган миш-мишлар ортиб бормоқда? Бу фикрлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
– Тўғри, меҳнат стажига эга бўлмаган фуқаролар давлат пенсия таъминоти билан таъминланмайди. Уларнинг ижтимоий ҳимояси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади. Унга кўра, умуман ишламаган ва моддий таъминотга эга бўлмаган фуқароларга қатъий миқдорда белгиланган ижтимоий нафақалар тайинланади.
Бунда улар меҳнат стажига эга бўлганлар каби 55-60 ёшдан чиқмайди. Балки, уй бекалари 60, эркаклар 65 ёшга тўлганда ижтимоий нафақа олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Айни вақтда ижтимоий нафақа миқдори 293 минг сўмни ташкил этади.