Аввалроқ Жиззахда Kia автомобилларининг иккита модели йиғилиши маълум қилинган эди. Кеча, 5 октябрь куни Ўзбекистонда йиғиладиган моделларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Маросимда автомобилни йиғадиган Roodell компанияси раҳбари Дониёр Давлетияров Россияда ушбу моделлар Ўзбекистондаги нархдан нега арзон эканининг сабабини айтди. Давлетияров Ўзбекистонда Россияда ишлаб чиқарилмайдиган тўпламлар йиғилишини маълум қилди. Шу сабабга кўра, мамлакатимизда энг замонавий, қўшимча қулайликларга эга, яхши автомобиль ишлаб чиқарилиши айтилди. Шунингдек, Ўзбекистонда Seltos ва К5’нинг автомат узатмали, 2 литрли двигатели бўлган турлари йиғилиши таъкидланди. Россияда эса ушбу моделлар 1,6 литрли двигатель билан сотилиши маълум қилинди.
Давлетияровнинг қўшимча қилишича, нархга логистика ҳаражатлари ҳам таъсир қилади. Автомобиль эҳтиёт қисмлари Жанубий Корея – Россия – Қозоғистон – Тошкент – Жиззах йўналиши бўйлаб етказилиши айтилди. Кейинчалик ушбу ҳаражатларни камайтириш орқали, таннархни ҳам пасайтириш режалаштирилаётгани маълум қилинди.