Ўзбекистонда вазирликлардан бирида ишловчи 84 нафар ходим 22 кун меҳмонхонада яшагани учун салкам 1 млрд сўм тўланди. Бу ҳақда ОАВда хабарлар тарқалди.
Маълум бўлишича, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг 84 нафар ходими 22 кун давомида пойтахтнинг Inter Hotel (собиқ Intercontinental) меҳмонхонасида 22 кун яшаган. Уларга меҳмонхонада яшаш, уч маҳал овқат ва анжуманлар залидан фойдаланилгани учун 918 миллион 677 минг 500 сўм тўланган. Ҳар бир ходимга меҳмонхонадаги бир кун учун 515 минг сўм тўланган. Анжуманлар залининг 22 кунлик ҳақи эса 77 миллион 402 минг сўм бўлган.
Ходимлар айнан нима сабабга кўра меҳмонхонада яшаганликлари очиқланмаган. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда кучайтирилган карантин вақтида айрим муассасаларда ишловчи ходимлар ишхонадан уйларига коронавирусни ташиб келмасликлари учун меҳмонхонадан ишлашга мажбур бўлган.