Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Ўзбекистонда камбағалликка қарши олиб борилаётган ҳаракатлар ҳақида гапирди. Бу ҳақда у “Кун” нашрига берган интервьюсида тўхталиб ўтди.
Ҳакимов дунёда мамлакатларнинг камбағаллик даражаси турли хил критериаларга асосан ўлчанишини маълум қилди. Ўзбекистонда аҳолининг камбағаллик даражаси одамларнинг кунлик минимал харажатларига асосан ўлчаниши билдирилди.
“Одамларнинг кунлик минимал харажатлари бор. Ўрта паст даромадли мамлакатлар учун ушбу мезон 3,2 АҚШ долларини ташкил этади. Бунда 3,2 доллар айнан эмас, шу қийматда турли давлатларда тўлов қобилияти маҳаллий валютадаги рақамга ўзгартирилади. Яъни харид қилиш қобилияти паритетининг конвертация коэффициенти (PPP conversion factor) ҳар йили Жаҳон банки томонидан эълон қилинади. Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 AҚШ доллари, яъни 5,600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас”, – дейди Ҳакимов.
Марказ директори шундан келиб чиқиб мамлакатимизда камбағаллик кўрсаткичи 9-10 фоиз атрофида эканини маълум қилди.