ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашдаги янгича ёндашувлар” мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, соҳа мутахассислари, тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этган тадбирда “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди, таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳолининг заиф қатламини ижтимоий ҳимоялаш масаласи доим давлатимиз диққат марказида бўлиб келган ва бугунги кунда ҳам бу масалага катта аҳамият қаратилмоқда. Аммо бугунги давр ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишда янгича ёндашувларни, халқаро тажрибаларни қўллаган ҳолда нодавлат ижтимоий ҳимоя сиёсатини ривожлантиришни яъни ижтимоий тадбиркорликни жорий этишни тақозо этмоқда. Ижтимоий тадбиркорлик бу юридик шахслар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолини муайян ижтимоий муаммолари ва уларнинг оқибатларини енгиллаштириш ёки ҳал қилишга қаратилган фаолият туридир.
Бунда ижтимоий тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятида жамият манфаатини устувор ҳисоблайди. Имкон қадар аҳолининг заиф қатламларини иш билан таъминлаш, ногиронлиги бор ва кекса кишилар учун махсус маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёки уларга кўмак бериш, турмуш даражасини яхшилашда фаоллик кўрсатади.
Партия фаоллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида айнан шу мақсадда мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани таъкидлаб ўтилди. Иштирокчилар томонидан қонун лойиҳасида келтирилган ҳар бир бандлар қизғин муҳокама қилинди. Тўғри, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринлари яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Аммо амалдаги қонунчиликда «Ижтимоий тадбиркорлик»нинг ҳуқуқий тушунчаси ва ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари аниқ белгиланмаган.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда мазкур қонун лойиҳасида «ижтимоий тадбиркорлик», «ижтимоий корхона», «ижтимоий корхоналарнинг реестри», «аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари», «ижтимоий лойиҳа», «ижтимоий товар», «ижтимоий хизматлар», «ижтимоий соҳадаги фаолият» ва «фавқулодда ҳолатлар» каби тушунчалар киритилмоқда.
Энг муҳими, ижтимоий корхоналар давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратилади, кредитлар бўйича кафиллик берилади ва фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тўланади.
Қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган бу қонун лойиҳасига депутатлар ва партия фаоллари томонидан қатор таклифлар ва фикрлар билдирилди.
Давра суҳбати давомида “Ижтимоий ҳимоя сиёсатини ривожлантириш ва ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишдаги янгича ёндашувлар”, “Ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий корхона ва ижтимоий хизматларни ташкил этишда ННТларнинг иштироки” каби мавзуларда маърузалар ҳам тингланди.