Ўзбекистонда каннабис экиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда УзА хабар қилди.
Маълум бўлишича, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида тиббий мақсадлар учун каннабис экиш ишлари амалга оширилади. Бу бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Мальтанинг Melabis компанияси ўртасида меморандум имзоланган. Ушбу лойиҳага кўра дастлаб 500 гектар ерда каннаббис экилади. Кейинги уч йил давомида эса 3 минг гектар ергача унинг майдонини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Марказий Осиё минтақаси ушбу ўсимликни етиштириш учун қулай ҳудуд бўлгани учун ҳам айнан шу ерда экилиши режалаштирилаётгани маълум қилинган. Уни фақат саноат ва тиббий мақсадларда фойдаланиш кўзланмоқда.
Қайд этилишича, каннаббис етиштириш учун пахтага қараганда 10 марта камроқ сув сарфланади. Шунингдек, уни саноат шароитида қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга келтирилса таркибидаги тетрагидроканнабинол (THC) атиги 0,1%-0,2%ни ташкил қилади ва уни бошқа мақсадларда фойдаланишнинг имкони бўлмайди. Сирдарёдаги ушбу лойиҳага 33 млн доллар инвестиция киритилмоқда. Агар бу амалга ошса 100 та иш ўрни яратилади ва бу кейинчалик Европага ҳам экспорт қилинади.