Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Мавлуда Ибрагимова шаҳар ва туман касалхоналарига MRT аппаратларини ўрнатишни таклиф қилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Депутатнинг билдиришича, ҳозирда касалликларни тезда аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш учун аҳоли MRT аппаратларига қиммат бўлса ҳам тушишга мажбур бўляпти.
“Коронавирус пандемияси ва бошқа юқумли касалликларга ташхис қўйиш, тез аниқлашда вилоят марказлари, туманларда жиддий муаммолар мавжудлигидан кўз юма олмаймиз. Бу муаммо жойларда MRT диагностика аппаратларининг етишмаслиги билан боғлиқдир.
MRT аппаратлари хусусий клиникаларда мавжуд бўлиб, унга кўриниш учун аҳоли катта миқдорда пул сарфлашга мажбур бўлишаяпти. Ночор оилалар бор, кам таъминланганлар, кўп болали оналар касаллик хавфи сезилганда MRT аппаратига қиммат бўлсаям, қарз олиб, тушишга мажбур бўлаяпти”, – дейди депутат.
Шундан келиб чиқиб, депутат 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрларини белгилашда давлат бюджети ҳисобидан шаҳар ва туман касалхоналари MRT аппаратлари билан таъминлашни таклиф қилмоқда.
“Агар шундай қилинса аҳоли учун катта қулайлик яратган бўламиз. Албатта, бу аппаратлар харид қилинса, нафақат коронавирусга, балки келгусида бошқа кўплаб касалликларга ташхис қўйишда ҳам фойдаланиш имконияти яратилади”, – дея таъкидлади депутат Мавлуда Ибрагимова.