Хоразмлик тадбиркор бошқа бир тадбиркорни чув туширди

Хоразмлик тадбиркор бошқа бир тадбиркорни чув туширди
“AR LOGISTICS VEGETABLES FRUIT” МЧЖ Урганч тумани, Ғайбу қишлоғи “Тандирчи” маҳалласида жойлашган. Музаффар Маткаримов раҳбарлигидаги мазкур МЧЖ томонидан жорий йилда 1,5 гектар ер майдонида помидор етиштириш мақсадида иссиқхона ташкил этилган. Яхшигина меҳнат қилинган, ахир юқори ҳосилдорлик, кўзланган натижа ана шу меҳнатга боғлиқ-да! Ҳатто тадбиркор Эрон давлатидан агроном мутахассис жалб қилиб, келишув асосида 10 август куни “Гамма” навли 36 минг дона помидор кўчатлари экишга муваффақ бўлди. Кўзланган режа эса янги йилнинг май ойига қадар 300 тонна маҳсулот олиш! Айни вақтда иссиқхонада 18 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилиб келмоқда.

Энди муаммога бироз яқин келсак. Хўш, масалага илдиз бўлган иккинчи томон ким? Урганч шаҳридаги технопаркнинг 2-биносида ўз тадбиркорлигини олиб бораётган, собиқ прокуратура ходими Жасурбек Раҳимов Бектурдиевич рафиқаси номига очилган “Great Khorezm” хусусий корхонаси томонидан ҳамкорликни таклиф қилганида бизнинг тадбиркор хаёлидан юқори марралар ўтган бўлса не ажаб?!

Хусусий корхона томонидан таклиф этилган биореактор (маҳаллий гўнгдан табиий газ ишлаб чиқариш ускунаси), яъни тежамкор ва инновацион технология асосида 1 гектар ер майдонидаги иссиқхонани 65 тонналик биореактор ёрдамида юқори даражадаги иссиқлик таъминоти билан таъминлаб беришга кафолат беришига ишонган иссиқхона эгаси рози бўлиб қўя қолди.
Хоразмлик тадбиркор бошқа бир тадбиркорни чув туширди

Келишувга мувофиқ, мазкур ташкилот жорий йилнинг 10 октябр куни иш бошлаб, 1 ноябр кунига иситиш тизимини ишга тушириб бериши, ташкилот талабига кўра тадбиркорнинг 1,5 гектар ер майдонига 65 тонналик 2 та систерна, печлар ва бошқа зарур жиҳозларни ўз маблағи эвазига ўрнатиши ва иситиш тизими соз ҳолга келганда, тадбиркор унга жами 1 миллиард 200 миллион сўм пул маблағи бериши лозим эди.
Бироқ тадбиркорнинг иссиқхонани иситиш учун қулайлик яратилиши ҳақидаги хурсандчилиги узоққа бормади. “Ана-мана”дан нарига ўтолмаган ташкилот томонидан дастлаб иссиқхонада ўрнатилган иситиш тизими, трубаларини ўзларининг схемаси бўйича бузиб ўзгартириб, тўлиқ ишга тушириш ишлари, афсуски, айтилган муддатида бажарилмади. Албатта, илк ишни, яъни эски тизимда ишлаётган иситиш тизимини бузишга буздилару, аммо кейинги қадамни қўйишга ҳанузгача дадиллик қилмаётганлари ачинарли.

Кунлар совий бошлаши, ҳаво ҳароратининг сезиларли даражада пасайиши тадбиркорни жиддий ташвишга солди. Ҳамкорнинг эса парвойи фалак. Помидор кўчатлари қаттиқ совуққа бардош беролмайди. Бундан хавотирга тушган тадбиркор мазкур ташкилотдан берган ваъдасини бажара олмаганликлари сабаб ҳеч бўлмаганда аввалги иситиш тизимини қайта тиклаб беришларини сўраб бир неча маротаба мурожаат қилишга мажбур бўлган. Хартугул ҳамкор инсофга келдими, иссиқхонанинг фақат 3/1 қисмининг иситиш тизими олдинги ҳолатга қайтди. Бунинг учун тадбиркор ҳар куни қўшимча равишда 5-6 миллион сўмлик кўмир ёқишга ва шу орқали ҳосилга кирган помидор кўчатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Эҳҳе, унгача тадбиркор ўзидан, кўнглидан ўтганини ўзи билди...

Вақт оқар сувдек гап. Мана, ноябрь ойининг охирги кунлари ҳамки, мазкур ташкилот ўз ишини бажариш у ёқда турсин, тадбиркорнинг ишлаб турган тизимини ишдан чиқариб, уни қайта қуриб беришни ҳам, янги қурган печларини тўлиқ қувватга ишга туширишни ҳам пайсалга солмоқда. Алдовлари оқибати тадбиркорга қанчалик зарар етказганини, албатта, ўзи ҳам сезаётгани бор гап, акс ҳолда айни кунларда иссиқхона соҳибидан қочиб, беркиниб юрармиди?

14 ноябрдан вилоятимизнинг барча ҳудудларида совуқнинг изғирини кучайиши оқибатида кўчатларни совуқ уриб, ҳосилларнинг барчаси бевақт нобуд бўлишига сабаб бўлди.

Узоқни кўзлаб, тинмай меҳнат қилган тадбиркор мазкур иссиқҳонада етиштирилган помидорларнинг 200 тоннасини Россия давлатига экспорт қилиш мақсадида ООО НПК “Нива Гринхаузис” корхонаси билан 2020 йилда шартнома қилиб, бунинг учун ўша ташкилот тадбиркорга 30 минг АҚШ доллари миқдорида олдиндан тўловни ҳам амалга оширган. Қолган 100 тонна помидор эса ички бозорга етказилиши режалаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзининг етарли тажрибаси ва малакасига эга бўлмаган битта ташкилотнинг пул ортидан югуриб, тадбиркор келажагига, тадбиркор ёнида меҳнат қилаётган кўплаб оилаларнинг тақдирига ўйин қараб, ўзининг масъулиятсизлиги ва ишини бажариб билмасдан қочиб кетгани сабаб бугун катта ҳосил нобуд бўлди. Бу билан тадбиркор ҳосилини экспорт қилиши эвазига келадиган сал кам 200 минг АҚШ доллари қийматидаги, ички бозорга 1 килограмм помидорни ўртача 6 минг сўмдан топширганда келадиган 600 миллион сўм миқдоридаги маблағга зарар кўрди.

Ваҳоланки, тадбиркор ана шу меҳнатлари натижасини олиш учун 36 минг дона кўчатга 70 млн сўм маблағ, шу кунгача бажарилган агротехник ишловларга 34 млн сўм, сарфланган минерал-ўғитларга 48 млн сўм, ёқилғи кўмир учун 78 млн сўм, коммунал тўловлар учун 10 млн сўм ва мана 4 ойдан бери 18 нафар ишчи-ходимларга ҳар ойда сал кам 30 миллион сўмдан 120 миллион сўм миқдорида жами 350 млн сўм ўз маблағлари эвазига харажат қилиб келган.

Ушбу масалада тадбиркор Урганч туман ҳокимлиги, ҳокимликнинг Қишлоқ хўжалик бўлимига ва туман прокуратурасига, O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгашига мурожаат қилган. Масала юзасидан Урганч туман Қишлоқ хўжалик бўлими томонидан далолатнома тузилган ва мутасаддилар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ савол кетидан савол туғилаверади: тадбиркорнинг ишлари орқага кетишига, қанча миллиард сўм маблағга тушишига, бир йиллик меҳнати куйганига ўша ташкилотга қандай чора кўрилади? Тадбиркорнинг ушбу масаладаги муаммоси қандай ҳал этилади? Саволлар тугамайди, уларнинг баҳоналари каби...

Шу ўринда “Great Khorezm” хусусий корхонаси раҳбари Жасурбек Рахимов яна бир ҳаракати билан эътиборимизни тортди. Ўз ёлғонлари, важлари билан бир тадбиркор муаммосини ҳал қилиш чоралари кўриши зарур бўлган бир пайтда ўзининг телеграм ижтимоий тармоғи орқали Биогаз инновацион янги технологиялар номли гуруҳ ( https://t.me/kosonbiogaz ) очиб, фаолиятини реклама қилиб, ҳудди тадбиркорни ишонтирганидай бошқаларни ҳам чув тушириш ҳаракатида юргани қизиқ!. Энг қизиғи ўзининг гуруҳида айнан мазкур “AR LOGISTICS VEGETABLES FRUIT” МЧЖда қурган печлари ва ўрнатган тизимларини видеолавҳалар орқали реклама қилишга ҳам улгурган. Мазкур видеолавҳалар орқали сўзимизнинг исботини кўришингиз мумкин.

Ҳурматли ҳамюртлар, тадбиркорлар, бу каби қаллоб ва алдамчи, соҳта тадбиркорларга асло ишонманг. Ҳушёр бўлинг, зеро, ҳалол меҳнатингиз мана шундай қаллоблар қўлида увол бўлмасин.

Нилуфар Джаббарова,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим сектори мудири

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Иқтисодиёт » Хоразмлик тадбиркор бошқа бир тадбиркорни чув туширди