Аҳоли хонадонларига ёруғлик етказиб бериш учун йирик корхоналарда электр энергияси сарфи оптималлаштирилади. Бу ҳақда кеча, 3 декабрь куни давлат раҳбарлари раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур йиғилишда Шавкат Мирзиёев энергетика тармоғидаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратган. Ушбу соҳага оид 3 ОТМ, 2 та илмий ташкилот ва ўнлаб олимлар бўлса-да муаммо ҳал этилмаяпти. Соҳада таҳлил йўлга қўйлмагани танқидга олинди. Шунга кўра, йиғилишда 100 миллион киловатт соат электр сарфланадиган Тошкент труба заводида олиб борилган таҳлил мисол қилиб кўрсатилди. Маълум бўлишича, заводда таҳлилий ишлар олиб борилганда 20 млн киловатт соат электр тежаб қолиш мумкин бўлган.
Шундан келиб чиқиб, эндиликда аҳоли хонадонларига ёруғликни таъминлаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари”, “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Қизилқумцемент”, “Бекободцемент”, “Қувасойцемент” ва шунга ўхшаш йирик корхоналарда электр энергияси сарфи оптималлаштириладиган бўлди.