Бугун, 4 декабрь куни пойтахтнинг янги ташкил этилган Янгиҳаёт туманида металлургия заводи ишга туширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, ушбу завод қурилиши 2017 йилда бошланган. Унинг очилиш мароисимида хорижий ва маҳаллий меҳмонлар ҳам қатнашган. Хусусан, завод очилишида президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлаган.
Хабар қилинишича, заводда йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. У турли хил соҳаларда, хусусан автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигида ҳам ишлатилади. Ушбу мажмуада 700 нафар фуқаро иш билан банд бўлади. Лекин, турдош тармоқлар билан бирга ҳисоблаганда, 5 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мумкин. Завод Бекободдаги металлургия комбинати билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.
Президент ушбу завод ишга туширилишини “тарихий воқеа” деб атади.