Тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев «Ёшлар қурилиш инвест» МЧЖ ва «Жиззах реал қурилиш таъмир» МЧЖ ўртасида шартнома тузишга эришилганини маълум қилди. Шартномага кўра тадбиркорнинг ҳаражати 14,3 млрд сўмдан 11,4 млрд сўмга туширилди. Шартнома 14 декабрь куни имзоланди.
“Эришилган келишувга кўра Ёшлар иттифоқи ва Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан менга 3,6 млрд сўм тўлаб берилди. Шунинг натижасида менинг 300 нафар ходимим маош оладиган бўлди ва улар ишидан айрилмайди. Муаммо тинч йўл билан ҳал этилганидан жуда хурсандман”, – дейди тадбиркор Сотволдиев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тармоқларда Сотволдиев томонидан ёзилган хат сурати тарқалган эди. Унда тадбиркор ёшлар инновацион марказини қурганини, лекин унинг пулини ололмаганини ёзган эди. Тадбиркор марказнинг қурилишига 14,3 млрд сўм кетганини маълум қилган эди. Сотволдиев ваъда қилинган пулларнинг берилмагани сабабли очлик эълон қилган эди. Хат «Жиззах реал қурилиш таъмир» МЧЖ муҳри тушилирган ҳолда чиқарилган. Ушбу фирманинг директори Сотволдиевнинг ўзи ҳисобланади.