Пойтахтда совуқ сув ва канализация тарифи нархини ошириш режалаштирилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳа «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ томонидан эълон қилинди. Ҳужжатда тариф нархини ошириш пойтахт ҳокими қарорига кўра амалга ошириш режалаштирилаётгани таъкидланган.
Ҳужжатга кўра, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ ўтган йили 58,8 млрд сўм зарар билан йилни якунлагани, 2020 йилнинг ўтган 8 ойи давомида эса компаниянинг зарари 21,3 млрд сўмга етгани таъкидланди. Ушбу сабабга кўра совуқ сув ва канализация тарифи нархини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилинган.
Ҳужжатда тарифлар бўйича 1 кубметр совуқ сувга қуйидагича нарх қўйиш белгиланган:
• аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (ҚҚСсиз) 310 сўмдан 500 сўмга (161,2%);
• тижорат ташкилотлари учун 730 сўмдан 1 500 сўмга (205,4%).
Канализация хизматлари учун тарифлар:
• аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (ҚҚСсиз) 250 сўмдан 350 сўмга (140%);
• тижорат ташкилотлари учун 460 сўмдан 820 сўмга (178,2%).