Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг ҳар 1000тасининг 15 тасида нуқсон чиқмоқда. Бу ҳақда “UzAuto Motors” Юридик департаменти раҳбари Рустам Шаймарданов маълум қилди.
Шаймардановнинг таъкидлашича дунё тажрибасида ҳар 1000та автомобилдан 28тасида нуқсон бўлиши белгиланган, Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 15 донани ташкил этади.
Таъкидлаш жоиз, сўнгги вақтларда мамлакатимизда автомобилларда кузатилаётган нуқсонлар видеога олиниб, тармоқларда тарқатилмоқда. Бундай характердаги хабарларнинг тарқатилиши эса компаниянинг нуфузига ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам таъкидланди. Хусусан, бундай хабарлар натижасида компаниянинг август-сентябрь ойларидаги кунлик тушуми 30-40 млрд сўмга камайган, автосаноатнинг инвестицион жозибадорлигига ҳам салбий таъсир қилган ва хорижий ҳамкорлар билан 150 млн евролик келишувнинг кечикишига сабаб бўлган.