Ўзбекистонда “Аёллар дафтари”га кирганларга кредитлар ва бир марталик моддий ёрдам берилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Маълум бўлишича, 8 январь куни бу бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган. Унга кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга тадбиркорлик билан шуғулланиш учун БҲМнинг 150 бараваригача, яъни 33 млн 450 минг сўмгача кредитлар ажратилиши белгилаб қўйилди. У 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган вақтга Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан берилади. Кредит навбат билан, хотин-қизларнинг фамилия, исми, отасининг исми бўйича берилади. Шу билан бирга, қарорда ушбу дафтарга киритлган аёлларга 446 минг сўмдан 892 минг сўмгача бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкинлиги ҳам белгилаб қўйилди.
Ушбу моддий ёрдам рўйхатга киритилган аёлларга бир йилда бир марта берилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, дафтарга кирган ва ижарада яшаётган аёлларга турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади.