Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сони маълум қилинди.
Расмий маълумотга кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатида чет элда ишлаётган ўзбекистонликларнинг сони 1 миллион 678 минг 400 нафарни ташкил этади. Уларнинг 481,1 минг нафари (28,7 фоиз) аёллар ва 993,7 минг нафари (59,2 фоиз) ёшлар экани маълум қилинди.
Хорижда фаолият юритаётганларнинг аксарияти Россияда (1 миллион 192 минг 800 киши (71 фоиз) экани айтилмоқда. Шунингдек, ватандошларимизнинг 209 минг 300 (12 фоиз) нафари Қозоғистонда, 62 минг 300 (4 фоиз) нафари Жанубий Кореяда, 43 минг 200 (3 фоиз) нафари Туркияда, 5 минг 200 нафари БААда ва 165,6 минг нафари бошқа давлатларда экани маълум қилинди.
Таъкидланишича, бу йили хорижда фаолият юритаётган ватандошларимиз сони ўтган йили бошидаги кўрсаткичдан 782,4 минг кишига камайган.