Мамлакатимизда аҳолининг айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада аҳоли ўз томорқаларида иссиқхоналар ташкил қилиш орқали ўзини ўзи банд қилиб келаётгани меҳнатга жалб қилинганлар сафини кенгайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Хаитов Тошкент вилоятидаги учрашувлари доирасида Янгийўл туманида бўлиб, ушбу йўналишда ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Бугунги кунда Янгийўл туманида 69 та маҳаллада 37 мингга яқин хонадон мавжуд бўлиб, аҳоли асосан кўкат, памидор, бодринг, булғор қалампири, аччиқ қалампир етиштириш билан шуғулланиб келишади. Ҳозирда маҳаллаларнинг ўз ихтисосликларидан келиб чиққан ҳолда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш учун маҳаллабай ишлаш тизими жорий қилинди.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасида 38 710 нафар фуқаро хатловдан ўтказилди. Бу орқали 3320 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди. Шундан 226 нафар ишсиз аёлларга имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратиш орқали иссиқхоналар қуриб беришга келишиб олинди.
Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг дастлабки манзили тумандаги “Ғалаба” маҳалласи бўлиб, у ерда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатлари кўздан кечирилди.
Ҳозирда ушбу маҳалладаги 702 та хонадоннинг 582 тасида иссиқхоналар қуриб берилган. бўлиб, бу иссиқхоналардан аҳоли вакиллари самарали фойдаланган ҳолда мўмайгина даромад олишяпти, энг муҳим улар ўзини ўзи банд қилиб келмоқда.
Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, Спикер ўринбосари А. Хаитов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва туман ҳокимлиги вакиллари, ҳудуддаги 10 га яқин маҳалла фаоллари, ишсиз хотин-қизлар, ёшлар иштирокида ушбу маҳаллада истиқомат қилиб келаётган Иброҳим ака Якубов хонадонида амалий семинар ташкил қилинди.
Семинарда бугунги кунда томорқалардан самарали фойдаланиб келаётган хонадон эгаларига меҳнат стажлари юритилиши, иссиқхоналар қуриш учун имтиёзли кредитлар ажратиб берилаётганлиги, улардан самарали фойдаланган ҳолда ҳар бир хонадонда иссиқхона қуриш лозимлиги айтиб ўтилди. Аҳоли вакиллари Иброҳим ака хонадонида 6 сотих ерда ташкил қилинган иссиқхонани кўздан кечиришди. Ушбу иссиқхонада памидор ва булғор қалампири парваришланаётган бўлиб, апрель ойи охирларида ҳосилга киради.
- Томорқа даромад манбаи эканлигини ҳар бир хонадон соҳиби билиши керак, - дейди Иброҳим ака Якубов. – Ҳозирда хонадонимиз умумий майдони 15 сотих бўлиб, шундан 6 сотихга иссиқхона ташкил қилдик. Бир йилда 3 мартадан ҳосил оляпмиз. Биринчи ҳосилимиз - кўкатлар етиштириб, бозорларга сотдик. Ҳозирда помидор ва булғор қалампири парваришлаяпмиз. Апрел ва май ойларида етиштирган ҳосилимизни бозорга чиқаришни мақсад қилганмиз. Ундан сўнг кузда яна кўкат экамиз. Томорқамиздан бир йил давомида 40-50 миллион сўмгача соф даромад оляпмиз. Шу орқали фаровон турмуш кечириб келяпмиз. Меҳнат қилган одам кам бўлмаслиги амалда ўз тасдиғини топмоқда.
Семинар иштирокчиларига томорқадан самарали фойдаланиш бўйича қўлланмалар тарқатилди.
“Ғалаба” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган яна бир хонадон вакили Дилмурод Абдужаббаров ҳам маҳалла атрофида бўш турган ердан фойдаланиб, 26 сотихли иссиқхона ташкил қилган. Иссиқхона ўтган йили 200 миллион сўм банк кредит ва ўз маблағи ҳисобидан қурилган бўлиб, ҳозирда бу ерда маҳалладаги ишсиз 10 нафар фуқаро мавсумий иш билан банд қилинган. Иссиқхонада булғор қалампирининг фламенго нави экилган бўлиб, бир йилда ўртача 300 миллион сўм соф даромад олиш кўзда тутилган.
Ишчи гуруҳ вакиллари мазкур иссиқхонада ҳам бўлиб, фаолиятини кенгайтириш учун амалий ёрдам кўрсатиш кераклигини билдириб ўтишди. Шунингдек, қолган бўш ердан қўшимча чорвачилик, қўйчилик ва иссиқхонадан чиққан маҳсулотларни қайта ишлаш цехи ташкил қилиш борасида ҳам таклифлар берилди.
Спикер ўринбосари туманнинг “Саид ота” маҳалласидаги “Нуржахон строй бизнес” МЧЖда ҳам бўлиб, тадбиркорлик субъекти фаолияти билан яқиндан танишди.
- Фаолиятимизни бошлаганимизга икки йилча бўлиб, корхонамизда 2 хил турдаги бурама мих маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, - дейди МЧЖ иш юритувчиси Саидов Баҳодир. - Корхонамизда 15 нафар ишчи ходим меҳнат қилиб келяпти. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириш учун замонавий типдаги янги бино қуришни режалаштирганмиз. Маҳсулотларимизни турини 6 тага ошириб, қўшни давлатларга ҳам экспорт қилишни мақсад қилганмиз.
А. Хаитов тадбиркорга ўз фаолиятини кенгайтириш учун барча имконият ва имтиёзлардан фойдаланишда ёрдам қўлини чўзишини билдириб ўтди. Корхонада O'zLiDePнинг бошланғич ташкилотини ташкил қилиш борасида ҳам келишиб олинди. Ишчи ходимлардан бир нечтаси партияга аъзо бўлиш истагини билдиришди.