Янги Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитлар яратиш кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мазкур йўналишларда олиб борилган ишлар лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари қисқартирилганлиги ҳамда соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳам бизнес вакилларига кенг имкониятлар эшигини очиши муқаррар.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 майдаги ва 24 августдаги тегишли фармонларида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида бир қатор янгиликлар ўз ифодасини топган.
Мазкур ҳужжат жорий йил 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг мантиқий давоми бўлиб, қонун лойиҳаси билан 37 та қонун ҳужжатлари моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда. 33 та қонун ва 4 та кодекс шулар жумласидандир.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан қуйидаги асосий ўзгартиришлар назарда тутилмоқда:
Биринчидан, Жиноят кодексининг 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) янги таҳрирда баён этилмокда. Мисол учун, 7 қисмдан иборат тартибда лицензиясиз, рухсат берувчи ҳужжатсиз ёки хабарнома юбормасдан фаолият билан шуғулланганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмокда. Лицензиясиз, рухсат берувчи ҳужжатсиз ва хабардор этмасдан фаолият юритганлик учун санкциялар табақалаштирилган ҳолда белгиланяпти. Қолаверса, жиноий жарима микдори камайтирилиб, БҲМнинг 55 баравари (13,5 млн. сум) этиб белгиланмокда.
Иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик туғрисидаги кодексга 165-модда (фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш) янги таҳрирда баён этилмоқда. Масалан, ваколатли органни хабардор қилмасдан фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик белгиланяпти. Лицензия, рухсат бериш ва хабардор этиш тартибини бузишга оид барча ҳуқуқбузарликлар ягона модда – 165-моддада акс эттирилмокда. Шу муносабат билан 702 (фойдали қазилмаларни лицензиясиз қазиб олиш) ва 1763-моддалар (йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш) чиқариб ташланмоқда.
Учинчидан, Солик кодексида алкоголь маҳсулотларини сотиш учун рухсатнома хабардор этиш тартибига ўтганлиги муносабати билан янги 4551-модда билан тўлдирилиб, алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун йиғимларини тўлаш тартиби аниқлаштирилмоқда. Хусусан, алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлаш мажбурияти Солиқ кодексига киритилиб, йиғимни тўлаш саналари аниқ қилиб белгиланяпти. Унга кўра, фаолиятни бошлаш ҳақидаги хабарнома ойнинг 20-санасигача юборилса йиғим жорий ой учун, фаолиятни бошлаш ҳақидаги хабарнома ойнинг 20-санасидан кейин юборилганда кейинги ойдан бошлаб тўланади. Ҳар ойлик йиғим тўлови эса олдиндан тўлов шаклида жорий ойнинг 10-санасигача тўланади.
Тўртинчидан, “Давлат божи туғрисида”ги қонунга аксарият лицензиялар бекор булаётгани муносабати билан 33 турдаги лицензиялар учун давлат божлари чиқариб ташланмоқда. Натижада тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 40 млрд. сўм маблағлари иқтисод қилиниб, ўз ихтиёрида қолдирилади. Бирлашиш орқали бекор бўлаётган лицензияланадиган фаолиятлар учун давлат божи миқдорларининг амалдаги энг кам ставкаси қўлланиляпти.
Бешинчидан, баҳолаш ва риэлторлик фаолиятларида ўзини ўзи бошқариш механизмлари жорий этилмоқда. Масалан, баҳолаш ва риэлторлик соҳасида профессионал бирлашмалар ташкил этилиши назарда тутилиб, баҳолаш ва риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга профессионал бирлашмаларга аъзо бўлиш мажбурияти юклатилмоқда. Баҳолаш ва риэлторлик соҳасида профессионал бирлашмаларга бир қатор ҳуқуқлар берилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, қонун лойиҳаси билан ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилишига оид қоидалар белгиланмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки туғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори туғрисида”ги, “Кредит ахбороти алмашинуви туғрисида”ги, “Хусусий бандлик агентликлари туғрисида”ги, ‘Қурол туғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия туғрисида”ги ҳамда “Таълим туғрисида”ги қонунларда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилишга оид қоидаларда ваколатли органлар томонидан ушбу ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш суд орқали амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Ҳаммамизга яхши маълум, кейинги тўрт-беш йилда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқлар кетма-кетликда ҳал этилмоқда. Тадбиркорларнинг доим янгилик яратишига, бир сўмини икки сўм, бир ходимини икки ходим, битта маҳсулот турини иккита маҳсулот тури қилишига ҳар томонлама кўмак берилмоқда. Чунки бугун бизнес вакилларига зарур шароитлар яратилиб, имтиёзлар берилса у нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Энг муҳими, янги иш ўринлари ташкил этиб, аҳоли бандлигини таъминлайди.
O'zLiDeP нуқтаи назарига кўра, хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш йўлида тўлиқ эркинлик бериш, амалда “Одамлар қанчалик бой бўлса – давлат шунчалик қудратли бўлади” деган тамойилни амалга ошириш – мамлакат иқтисодий тизимини либераллаштиришнинг энг муҳим йўналишидир.
Шу жиҳатдан мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижаcида лицензия ва рухсат бериш соҳасидаги қонун ҳужжатлари мувофиқлаштирилади. Бу ўз навбатида, бизнес субъектларига кенг имтиёз ва енгилликлар бериш билан бирга, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари