Ўзбекистон “Газпром”га газ сотувчидан харидорга айланди. Бу ҳақда Подробно нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, Россия концернининг еврооблигацияларининг ҳисоботи ва мемеорандуми янги сонида бу ҳақда маълумот берилган. Таъкидланишича, Ўзбекистон 2018 йилда “Газпром”га 3,8 млрд куб. м. газ етказиб берган, 2019 йилда 4,9 млрд куб. м.гача кўпайтирган, 2020 йилда эса етказиб бериш тўхтатилган. Янги меморандумда ўзбек гази 2021 йилнинг биринчи чорагида ҳам етказиб берилмаганини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, меморандум маълумотига кўра “Газпром” 2020 йилдан Ўзбекистонга қуйидагича ҳажмда туркман газини етказиб берган: 2020 йилда 0,9 млрд куб. м., 2021 йилнинг биринчи чорагида эса – 1,5 млрд куб. м.га етган (2020 йилнинг мос даврида етказиб бериш амалга оширилмаган),
Эътиборли жиҳати, 2021 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон “Газпром”(Туркманистон)дан Хитойга экспорт қилган (0,54 млрд куб. м.) газидан кўра уч баравар кўпроқ газ сотиб олган.
“Газпром” вакили Елена Бурмистрова май ойида ўзбек гази билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берган эди. У ўшанда Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон шиддат билан ривожланаётганини таъкидлаган эди. Шу сабабга кўра мамлакат газни экспорт қилишдан кўра ўз истеъмоли учун сарфлаётганини маълум қилиб ўтган.