Маълум бўлишича, ушбу форумни Сенат раиси Танзила Норбоева очиб берган. У ўз нутқида мамлакатимизда турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз юритган. Норбоева, шунингдек, Ўзбекистонда эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали камбағаллик даражаси пасайиб бораётганини таъкидлаган.
Аҳолининг эҳтиёжманд қисмини ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни манзилли қўллаб-қувватлаш борасида яратилган уникал тизим (дафтарлар) натижасида камбағаллик даражаси пасайиб бормоқда (2015 йил — 12,8 фоиз, 2019 йил — 11 фоиз). Мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатига буткул барҳам берилди. Давлат ва жамият ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузи ошмоқда. Хусусан, Парламентда аёллар ўрни икки карра ошди (16 фоиздан 32 фоизга). Таъкидлаш керакки, бюджет харажатларининг аксарият қисми ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Бугун Ўзбекистон бюджети — ижтимоий йўналтирилган бюджет, деб бемалол айтиш мумкин», — деди Норбоева.