Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилашга қаратилган ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида 478 та давлат мулки 1 триллион 100 миллиард сўмга сотилди. Сотилиши белгиланган 556 та мулкдан 288 таси савдоларга чиқарилмагани ҳамда давлат корхоналари ва банклар ихтиёрида уларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган 511 та объект ҳалигача сотилмасдан тургани бу йўналишда қилинадиган ишлар кўплигини англатади.
Айниқса, онлайн аукционда қатнашиш учун тўловлар бекор қилиниб, тадбиркорларга электрон рўйхатдан ўтиш харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қоплаб берилиши минг-минглаб тадбиркорларни хурсанд қилди. Бу борада аукционда мулкни сотиб олганда тўлов муддати ҳозирги 5 кундан 15 кунгача узайтирилиши тадбиркорлар ва бизнес вакиллари учун катта рағбат ва имконият бўлди.
Эндиликда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларнинг бино-иншоотлари, транспорт воситаларини сотиш ва ижарага бериш фақат электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади. Бу эса жойларда тадбиркорликнинг кенг ривожланишига, ишлаб чиқариш кўламининг ортиши ва экспорт ҳажмининг ошишига замин яратади. Тадбиркорлик ривожланган жойдагина, албатта, камбағаллик қисқаради, одамлар даромад манбаига эга бўлади, юрт тараққий этади.
Сир эмас, хусусийлаштириш солиқлар тушуми ортиши ва корхоналарнинг модернизация қилинишида ижобий натижа беради. Бу билан иқтисодиётдаги муҳим бўғин – хусусий сектор ривожланишига кенгроқ йўл очилади. Бугун хусусийлаштириш жараёнлари анча жадаллашгани, бу давлатнинг мазкур муаммоларга ечим топишга интилаётганидан далолат беради. Пировард мақсад ҳам қаровсиз ҳолда бўлган бино ва иншоотлар негизида замонавий, рақобатбардош маҳсулотларни тайёрловчи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиб, қўшимча иш ўринларини яратишдир.
Фаолияти самарасиз кечаётган корхоналарнинг ишбилармон инсонларга сотилишидан тадбиркор ҳам, жамият ҳам фойда кўради. Хусусийлаштириш жараёнининг очиқ-ошкора амалга оширилиши туфайли хорижлик сармоядорларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ортиб, жойларда тадбиркорлик жадал ривожланади. Шу нуқтаи назардан бу жараённинг ҳалол, шаффоф, адолатли ўтиши устидан биз депутатлар парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз зарур.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси Спикери ўринбосари,
O‘zLiDeP фракцияси раҳбари
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси Спикери ўринбосари,
O‘zLiDeP фракцияси раҳбари