Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида АИ–98 юқори сифатли этилланмаган бензин ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати маълумот бермоқда.
АИ–98 маркали автомобиль бензини, асосан сиқиш даражаси 12дан 14гача бўлган двигателли автомобилларда ишлатилади. Ушбу маҳсулот юқори детонацияга қарши хусусият (октан характеристика)лари туфайли двигатель қувватини оширади ҳамда тезланиш динамикасини яхшилайди, тебраниш, шовқин даражасини пасайтиради, шунингдек, ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтиради.
Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан АИ–98 маркали автомобиль бензини ишлаб чиқариш бўйича мувофиқлик сертификати ҳам олинган. 380 тонна ҳажмдаги бензиннинг физик-кимёвий хусусиятлари стандартга биноан муваффақиятли синовдан ўтказилган.
Қайд этилишича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан жорий йилнинг сентябрь–декабрь ойларида 36,5 минг тонна АИ–91, 13,1 минг тонна АИ–92 1,4 минг тонна АИ–95 юқори октанли автобензин ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, республикада жами 729,4 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилган. Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки 7 ойида 74,6 млн литр автомобиль бензини импорт қилинган.