Учрашув ҳам айни қишлоқ хўжалиги ходимлари байрами арафасида бўлгани элимиз дастурхонини тўкин қилаётганларнинг меҳнатига яна бир карра баҳо беришга асос бўлди.
Актам Хаитов партия фаоллари билан дастлаб Сирдарё туманидаги Икром Тўйчиев хонадонида бўлди. Бу хонадон соҳиблари томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олганлардан. Иссиқхонада кўчат ва кўкатлар барқ уриб турибди. Ҳам ҳаракат, ҳам барокат. Келинлару қизлар бўш вақтларида томорқага қараш билан банд бўлади. Рўзғор ҳам обод.
Икром ака кўп йиллар фермер хўжалигида ишлади. Дала ишларидан ортиб томорқага қаролмаган пайтлари бўлган. Нима бўлдию бир куни ҳангомадан гап чиқиб, товуқ боқишни режалаштиришга киришди. Дастлаб 50-60 та, сўнг, уларнинг сони ошиб бораверди. Ҳовли-жой кенг, бир ёнда балиқчилик учун ҳовуз қилдирди. Дастлаб ташланган чавоқлар урчиган балиқчалар кўзни қувонтирадиган балиқларга айланди. Бу манзаралар бир зумда кўздан ўтиши мумкин, аммо унинг замиридаги меҳнатнинг залвори кунлар ва ойларга татийди.
Партия раҳбари Икром аканинг томорқасида амалга оширилган ишлар билан танишар экан, унинг каби тадбиркор, ишбилармонларнинг сафини кенгайтириш борасида фикрларини билдирди. Учрашувда ҳозир бўлган банк ходимлари ва қўни-қўшнилар билан тадбиркорликни бошлаш режалари, дастлабки сармоялар хусусида қизиқарли баҳслар бўлди.
Кейинги манзил Сирдарё туманидаги Худоёр Шодмоновнинг "Сомон йўли" кўптармоқли фермер хўжалигидаги фаолияти бўлди. Балиқ етиштириш борасидаги фермернинг тажрибаси кўпчиликка маъқул келди.
-Уйимиз ёнидаги 1500 метр чуқурликдан чиқадиган артезан сувининг оқаваси бекорга исроф бўлаётганини маҳалладошларим ҳам бот-бот айтиб туришарди. Шу жойдан балиқчилик хўжалиги очсам-чи, деган фикрдан ўзим ҳам руҳланиб кетдим, - дейди Худоёр Шодмонов. - Балиқчилик хўжаликлари билан тажриба алмашдим. Энди ўзим ҳам бу соҳада иш бошлаётганларга бемалол ўргатишим, ёрдам беришим мумкин.
“Самон йўли” кўп тармоқли фермер хўжалигида етиштирилаётган парҳезбоп маҳсулот-балиқнинг харидори Сирдарёдан Тошкент шаҳригача етиб борган. Маҳсулотларни сотиш, чавоқ етиштириш-хўжаликнинг асосий фаолиятидан бири. Бундан ташқари томорқа, иссиқхона, паррандаларга қараш учун ҳам 5-6 иш кучи банд қилинган.
Актам Хаитов Худоёр Шодмоновнинг балиқ хўжалигида бу соҳага қизиқувчилар билан суҳбат чоғида ҳар бир ишнинг машаққати ва албатта роҳати бўлиши ҳақида фикрларини билдирди.
Мирзаобод туманидаги Равшанбек Бозорбоевнинг “Сирдарё момиқ қуёнлари” чорвачилик фермасида Актам Хайитов билан учрашувга шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли, фермер хўаликлари раҳбарлари, партия фаоллари, депутатлар иштирок этишди.
-Бу жой аввал хўжаликнинг чорвачилик фермаси эди, - дея гап бошлади Равшан ака. - 1995 йили 400 та мол билан фермани сотиб олдим. Сут ва гўшт етиштириш фаолияти билан шуғулландим. 2016 йили қуёнчиликка “ишқим тушди”ю, тичимни йўқотдим. Мундоқ ўйлаб қарасам, қуёнларни боқишга катта жой ҳам, ғарам-ғарам пичан ҳам зарур эмас экан. 2016 йил Италиядан 100 та наслдор қуён олиб келдик. Ҳозирги кунгача 10 мингтагача қуён етиштирдик. Парҳезбоп қуён гўштларимизни республика бўйлаб харидорлари бор.
-Ундан ташқари, мана 2 сотих жойга иссиқхона қилганмиз, лимон кўчати, саримсоқпиёз барқ уриб яшнаб турибди. Буниям ўргатаман, - деди Равшан Бозорбоев. - Қуённинг гўнгида чувалчанг кўпайтиришни мўлжаллаб турибман. Андижондаги тадбиркор билан гаплашдим. Чувалчанг томорқа учун кони фойда. Айниқса, иссиқхонадаги унумдорликни оширишда жуда асқотади.
Оқолтин туманидаги Дониёр Тошпўлатов бошчилигидаги “Зарлочин” паррандачилик копперативига биринчи бор борган кишида ҳайрат уйғотиши аниқ. Туяқушларнинг бемалол сизнинг яқинингизга келиши ҳам қизиқда.
Дониёр копперативни 2018 йилда бошлаган эди. Ҳозирда унинг тажрибаси ҳам, даромади ҳам ошган. Инкубаторда туяқушларни кўпайтиришни ҳам йўлга қўйди. Шунингдек ўрдак ва ғозлар бу хўжаликнинг бир тармоғига айланган.
Дониёрнинг режалари ва келгуси ниятлари билан қизиққан Актам Хайитов суҳбат чоғида ҳозир бўлган банк ва тегишли мутасадди ташкилотлар билан тадбиркорнинг муаммоларини ҳал этиш чораларини кўришди.
Гулистон туманидаги “Агроҳамкор томорқа хизмати” раҳбари Рустам Раззаков билан суҳбат ҳам жуда самарали бўлди. Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, томорқа хизматини сифатли амалга ошириш учун бу масканда ҳамма соҳада кўмак етарли. “Агроҳамкор томорқа хизмати” ташкил этилгандан буён 1000 тадан 2000 тагача товуқ тарқатилди. 20дан ошиқ хонадонларда асалари боқиш йўлга қўйилди. Масалан, хонадон талабидан келиб чиқиб 5 та асалари уясидан йилига 90 килограммдан асал олинади. Бу йилига 6,3 млн. сўм дегани.
Ушбу ҳудудда бўлиб ўтган аҳоли билан мулоқотларда товуқ боқиш, асалари, иссиқхона қуриш каби масалаларда мурожаатлар бўлди. Актам Хайитов аҳолининг ушбу талабини амалга ошириш учун туман Бандлик маркази раҳбарига, банклар ва маҳалла раисларига топшириқ берди. Бу каби талабгорлар билан шуғулланишни ЎзЛиДеП Сирдарё вилоят Кенгаши ва партия депутатларига кўрсатма берилди.
ЎзЛиДеП Сирдарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати