Боботоғ ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида салоҳиятли тадбиркорларга Боботоғ ҳудудида қайта фойдаланишга киритиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари бириктириб берилиши ҳамда сабзавот-полизчилик, мевали боғ ва узумчилик, чорвачилик йўналишидаги кластерлар фаолияти йўлга қўйилиши қайд этилган.
Ҳудудда томорқа хўжалигини ривожлантириш ҳаракатига киришган ана шундай тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Қонунчилик Палатаси Спикери ўринбосари, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов “Боботоғ” маҳалласидаги томорқадан унумли фойдаланиб келаётган тадбиркорлар Нормурод Бердиев ва Абдурасул Шаматовларнинг хонадонида бўлди.
— Шу ерда яшовчи аҳоли учун томорқа хизматини йўлга қўйиш ниятидаман, — дейди Абдурасул Шаматов. — Асосан, аҳолига кўчат етказиб бериш, уни парваришлаш, яхши ҳосил олиш учун зарур бўладиган ўғит ва бошқа воситалар, хусусан, қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб бериш билан шуғулланмоқчиман. Бу таклифимни айтгандим, менга бунинг учун 300 миллион сўм банкдан имтиёзли кредит ажратилишида кўмаклашадиган бўлди. Қолаверса, паррандачиликни йўлга қўйиш учун эса бир ҳафта ичида иккита инкубатор ҳам берилади.
Тоғли ҳудуднинг Тожикистон Республикаси билан чегарадош "Оқмачит", "Толтўғай", "Боботоғ" ва "Янгиобод" маҳалларидаги фермер ва тадбиркорлар билан ҳам суҳбатлашилди. Учрашувда томорқадан унумли фойдаланиш, боғдорчиликни ривожлантириш, фермерликни кенгайтириш ва буларга кредит ажратиш чоралари юзасидан фаолларнинг таклифлари ўрганилди. Хусусан, фермерликни ривожлантириш учун 50 минг дона ток кўчатлари етказиб берилишига ҳамда тадбиркор Жасур Сафаровга 200 тонналик музлатгич омборини қуриш учун кредит ажратилишида амалий ёрдам беришга келишиб олинди.