Ўзбекистонда иккиламчи бозордан автомобиль сотиб олишда олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаш нархи пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев маълум қилди.
Унинг ёзишича, кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган. Унга кўра, эндиликда иккиламчи бозордан автомобиль сотиб олишда олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаш нархи БҲМнинг 3 баробари (¬810 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилмоқда. Яъни, эндиликда трансрорт воситаси двигатели қувватининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъи назар шунча пул тўланади.
Депутатнинг сўзларига кўра, агар ушбу тартиб кучга кирса автомобиль сотиб олишни расмийлаштириш ишларида 1 млн сўмгача “эконом” қилиш имконяти пайдо бўлади. Қиммат автомобиль олаётганлар эса бундан-да кўпроқ иқтисод қилиб қолиши мумкин.