Деновликлар тадбирли халқ. Одамлар орасида “пулни пулга уриштирадиган”, деган таъриф ҳам уларга қарата айтилган. Шунинг учунми, туманда тадбиркор, фермер ва томорқа ер эгалари кўп. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов Деновнинг ана шундай уддабурон, ташаббускор тадбиркорлари билан суҳбатда бўлди.
Албатта, уларнинг фаолияти билан қизиқар экан, муаммоларини ҳам тинглади, уларга бирга ечим топишларини билдирди. Ахир, тадбиркорлик қилиш осонми?
Йиғилганлар имтиёзли кредитлар ҳақида сўрашди, Спикер ўринбосари бу ҳақида батафсил маълумотларни бериб ўтди. Айниқса, яқинда давлат раҳбари томонидан 6 ой давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган хотин-қизларга 300 миллион сўм, 2 йиллик фаолиятга эга хотин-қизларга эса 1 миллиардгача, 3 йиллик фаолиятга эга тадбиркор аёлларга 2 миллиардгача имтиёзли кредитлар ажратиш таклифини билдиргани аёл тадбиркорларимизнинг ҳам сафини кенгайтиришга хизмат қилади. Учрашувда шулар хусусида ҳам айтиб ўтилди.