Шундай эзгу туйғуларни қалбида жо қилган серғайрат Миришкор тумани аҳли Президентимиз томонидан эълон қилинган “Яшил йиллик” умуммилий тадбирида фаол иштирок этишмоқда. Уларга ҳеч ким “кўчага чиқ, бу ерни тозала, бу ерга кўчат эк” демайди. Талаб қилинаётган юмуш бу - ўз ҳовлисини гуллатиб қўйса бас. Аммо тан олиш керак, бугунги кунда ўз томорқасидан млн-млн даромад олиб, эл эътирофига сазавор бўлаётган томорқачилар билан бирга ҳовлисини ажриқ, шўра босган, кетмони занглаб кетган кишилар ҳам йўқ эмас.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигида тузилган ишчи гуруҳи Миришкор туманидаги “Миробод” МФЙ ҳудудидаги томорқачилар фаолиятини ўрганди.
Лутфулла Худойбердиев томорқасини мисоли кўкатлар “фабрикаси”га қиёсласак арзийди. Чунки бу томорқадан қишин-ёзин бозорга кўкат чиқиб туради. Хонадон соҳиби қайси кўкатни қайси вақтда экишни яхши билади. Шунинг учун ҳам томорқа бўш турмайди.
-Ҳар куни рўзғоримга пул кириб туради, чунки ҳар тонг бозорга пиёз, саримсоқпиёз, шивит, шавил, редеска, петрушка каби кўкатларни боғлаб чиқарамиз, - дейди Лутфулла Худойбердиев. - Маҳсулотимиз янги узилгани учун бозорда тез харидорини топади. Шундан бўлса керак, ҳар йили камида 25 млн сўмдан зиёд даромад қиляпмиз.
-Кўкат етиштирувчилар кўп, аммо улар тарқоқ, - деди А. Ҳаитов. –Уларни бирлаштириш керак. Маҳсулотни узиш, саралаш, боғлаш ва қадоқлаш технолгияларини яратиш керак. Яъни маҳсулотнинг ўз бринди бўлсин, шунда бундай маҳсулотни бемалол супермаркетларга ёки қўшни ҳудудларга юбориш имконияти яратилади. Бунинг учун эса ҳудудда “Томорқа хизмати”ни йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
А. Хаитов 70 ёшни қаршилаган кекса томорқачи Норхол момо Ҳамроева фаолиятига ҳам юксак баҳо берди. Ҳовлида саримсоқпиёз барқ уриб ўсиб турибди. Бир томонда пиёз, шивит, шавил, редиска бўлса, мўъжазгина иссиқхона бодринг экиш учун тайёрланган. Норхол момонинг Наврўз кунлари очиладиган гулларини айтмайсизми? Онахонга турли рангда жило сочадиган бу ноёб гулни кўпайтириш тавсия этилди. А. Хаитов Норхол момо билан суҳбатлашар экан, ўзининг қимматли тавсияларини берди. Баъзи ёшлар онахоннинг яшнаб турган ҳовлсини кўриб, ўзларининг бепарволигидан уялиб қолишди.
-Онахон, сиз қулупнойни айни пишиқчилик пайтида чиқарар экансиз, агар уни плёнка остида етиштириб, айни шу кунларда чиқарсангиз ундан 2-3 баравар кўп даромад оласиз, даромадни қўя турайлик, одам организми витаминга танқис бўлган кўклам пайтида ҳовлингизда қулупной пишса, бу танага қувват бўлади, - деди А. Хаитов.
Ишчи гуруҳи Норхол момонинг ён қўшниси Темир Худойбердиев хонадонида парваришлаётган кўкатларни кўздан кечиришди. Сурхондарёлик ва водийлик тажрибали боғбонлар ҳам томорқачиларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришди. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек мазкур Миробод МФЙда томорқасини қаровсиз қолдирган кишилар ҳам бор экан. Ёдгор Қобиловнинг унумдор 3 сотих ери бўш турибди. Ишчи гуруҳи аъзолари шу ерда уй эгаси билан келишган ҳолда бодомзор боғ яратишга киришишди. Бир зумда ерга ип тортилиб, чуқурчалар ковланди. Боғнинг дастлабки кўчатини А. Хаитов ва Миришкор тумани ҳокими Ш. Санаевлар экишди. Бир зумда мўъжазгина боғ бўй кўрсатди.
Шу ҳудудда яшовчи Умид Ҳақназаров 1,5 гектар ерни олишга олибдию уни бўш қолдирибди. Товуқхона қуриш учун бошлаган иморати ҳам чала қолган. Ишчи гуруҳи Туман ҳокими Шерали Санаевга У. Ҳақназаровдан ерни қайтариб олиш, ёшларга бўлиб бериш бўйича ўз таклифларини билдиришди.
-Менга яна имконият беринглар, албатта тез кунда бу ерда боғ барпо қиламан, бир қисмига сабзавот экинлари экаман, - деди У. Ҳақназаров. –Паррандачилик мажмуасини ҳам шу йил ишга тушираман.
Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги бир қатор томорқачилар фаолиятини ўрганишди. Қаровсиз қолдирилган, ерга ишлов берилмаган хонадон эгаларига огоҳлантириш хати берилди. Шунингдек, Шаҳрисабз туманидаги “Қўшқанот” МФЙ ҳудудида яшовчи Сайфи Дўлмонов, Эштурсун Худойбердиев, Жалол Бобоев ва Иззатилла Бердиев каби фаол томорқачиларга миннатдорчилик билдирилиб, Рўзи Назаров ва Эгамберди Бердиевлар томорқасига эртаги экин экишга кўмаклашилди.
Энг муҳими, баҳор серёғин келган йилда Қашқадарё вилоятида томорқалардан самарали фойдаланиш, аҳолига дарахт кўчатлари ҳамда уруғ етказиб беришда ишчи гуруҳи билан бирга Сурхондарё вилоятидан 200 нафар боғбон эртаги экин ва дарахт кўчатлари экишда томорқачиларга кўмакдош бўлишмоқда. Улар воҳага 25 минг туп турли мевали дарахт кўчатлари ҳамда сабзи, пиёз, помидор, ошқовоқ, бодринг ва бошқа уруғларни бепул етказиб беришди.
ЎзЛиДеП Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
матбуот хизмати