Самарқанд туманидаги маҳалла ҳудудида жойлашган бешта уйда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ёнғин ҳақида хабар туман фавқулодда вазиятлар бўлимига 19 май куни соат 03:51 да келиб тушган. Ёнғин “Жўисой” маҳалласидаги Бердамлик кўчаси бўйлаб бир неча уйни қамраб олган.
Воқеа жойига еттита ўт ўчириш-қутқарув бригадаси ҳамда бир ёрдамчи КамАЗ етиб келган. Ёнғин соат 04:06 да ўраб олинган ва 05:38 да тўлиқ ўчирилган.
Натижада бешта уйнинг қарийб 490 квадрат метр майдонда шифти ва томининг бир қисми ҳамда маиший техника воситалари ёниб, шикастланган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар йўқ.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.