Интернетда ёш йигит Маданият вазирлигининг Р. Глиере номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби 3-қавати деразасидан мушукни улоқтиргани видеоси тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ушбу ҳодиса ўрганилиб, воқеа ушбу мусиқа мактаби ўқувчиси 17 ёшли Х.О. томонидан содир этилгани аниқ бўлди.
Ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс томонидан содир этилганлиги сабабли 28-май куни унинг отаси 46 ёшли В.E. таълим муассасасига таклиф этилган. Қонунга мувофиқ ота-онага нисбатан маъмурий баённома тузилди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик) ҳамда жарима солинган.
Ота ва ўғил билан ҳайвонларга бундай муносабатга йўл қўйиб бўлмаслиги, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарлик учун мавжуд маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳақида профилактик суҳбат ўтказилди. Ўсмир томонидан содир этилган қоидабузарлик ҳақидаги маълумотлар ҳокимлик ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича бўлимга ўтказилди.
Шунингдек, Олмазор тумани ИИБ ходимлари томонидан ушбу видеони суратга олиб, интернетга жойлаган 16 ёшли ўсмир ва унинг ота-онаси билан ҳам суҳбат ўтказилди.
Мазкур факт юзасидан терговга қадар текширувлар давом этмоқда.