Бу вилоят ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ бошлиғи Ш.Бойхўрозовнинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида берган ҳисоботида қайд этилган.
Унга кўра, июнь ойида содир этилган 72 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 30 киши ҳалок бўлган, 87 киши тан жароҳати олган.
"Авария"ларнинг сабаблари ва бошқа таҳлиллар кишини чуқур ўйга толдиради.
Негаки, йўл-транспорт ҳодисаларининг 25 таси 30 ёшгача, 34 таси 31-40 ёшгача ҳайдовчилар томонидан содир этилган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганида:
- 12 таси ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликка риоя этмаслиги;
- 8 таси ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермаслиги;
- 7 таси ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги;
- 3 таси ҳайдовчилар томонидан светофор ва йўл белгиларига риоя қилинмаганлиги;
- 6 таси тўсиқлар ўрнатилмаганлиги сабабли ҳайдовчиларнинг қарама-қарши йўналишга чиқиши;
- 15 таси пиёдалар ва велосипедчилар хавфсиз ҳаракатланиши учун йўлакчалар яратилмаганлиги;
- 9 таси пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда белгиланмаган жойдан ҳаракатланиб ўтганлиги;
- 5 таси пиёдалар ўтиш жойи яратилмаганлиги сабабли белгиланмаган жойлардан ўтиш оқибатида содир этилган.
Шунингдек, 4 та йўл-транспорт ҳодисаси болалар қаровсиз қолдирилганлиги, 3 таси маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш оқибатида юз берган.