Тошкент шаҳар Яшнобод туман судида Бош прокуратура хизмат машинаси ҳайдовчисининг пиёдани уриб кетгани юзасидан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди.
Иш ҳужжатларига кўра, Ж.А. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайдовчиси бўлган, Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.
Ж.А. 2019 йил 24 январь куни соат 19:15ларда хизмат юзасидан унга бириктирилган «Lacetti 2» русумли автомашинани йўл варақаси асосида Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Шаҳрисабз кўчаси бўйлаб, Махтумқули кўчаси томондан Амир Темур кўчаси томонга соатига 40-50 км/соат тезликда йўлнинг биринчи ҳаракатланиш бўлагидан бошқариб келиб, Шаҳрисабз-Тараққиёт кўчалари кесишувидаги тартибга солинган чорраҳа ва пиёдалар ўтиш жойига яқинлашган вақтида секинлаш чораларини кўрмасдан, бепарволиги ва эътиборсизлиги оқибатида чорраҳанинг пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб келаётган фуқаро Х.Н.ни транспорт воситасининг олд ўнг томони билан уриб юборган. Натижада пиёда Н.Х. ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари билан 1-сонли Республика клиник шифохонасига ётқизилиб, 2019 йил 29 январь куни соат 21:30да шифохонанинг реанимация бўлимида вафот этган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг 11.02.2019 йилдаги 36-сонли хулосасига кўра, марҳум Н.Х.нинг ўлими – бош мия ёпиқ жароҳати натижасида калла асос ва гумбаз суякларининг майдаланиб синишлари оқибатида мия қаттиқ ва юмшоқ пардалари остига, ён қоринчаларига, тўқималарига ва миячаларга қон қуйилишдан юз берганлиги, бу жароҳатлар йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида олинганлиги ва ўлими келиб чиқиши билан узвий боғлиқ бўлган оғир тан жароҳатлари тоифасига кириши аниқланган.
Суд мажлисида судланувчи Ж.А. ўзига нисбатан эълон қилинган айбга тўлиқ иқрор бўлиб, светофорнинг яшил чироғи ёнганлиги сабабли олдида транспорт воситалари бўлмагани учун ҳаракатланишни давом эттириб, пиёдалар йўлагига кириб келган вақтида ўнг томондан фуқаро Х.Н. югуриб чиқиб қолганини ва у тормоз босганини, лекин тўхташга улгурмай Н.Х.ни автомашинанинг ўнг олд томони билан уриб юборганини кўрган.
Унинг билдиришича, Н.Х. бош қисми билан автомашинанинг олд ойна ўнг томонига урилиб, асфальт йўлига йиқилган, улар автомашинадан тушиб Н.Х.нинг олдига яқинлашганида, у ҳушсиз ётган бўлган.
Шундан сўнг у Н.Х.нинг бошини тиззасига қўйиб ўтиргани, ҳеч қаерга қочиб кетмагани, ёнида уяли телефон аппарати тушиб қолганини кўриб, у Н.Х.нинг яқин қариндошларига хабар бериш мақсадида шу ерда турган фуқаролардан бирига ушбу телефон орқали охирги терилган рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришни айтгани, сўнг тез-тиббий ёрдам машинаси чақиртирилиб, Н.Х.ни 1-сонли Республика клиник шифохонасига олиб кетгани, тўқнашув натижасида у ва йўловчи Н.К. тан жароҳатлари олишмаганини билдирган.
Қайд этилишича, у ҳозирда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, марҳумнинг қариндошларидан кечирим сўрашини, 20 млн. сўм миқдорида етказилган моддий зарарни қоплаганини кўрсатиб, суддан унга нисбатан жазо тайинлашда қамоқ билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Суд-автотехника экспертизасининг 31.01.2019 йилдаги 1113/13-сонли хулосасига кўра, «Lacetti 2» русумли автомашина ҳайдовчиси Ж.А. амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 111-бандидаги «Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнган тақдирда ҳам пиёда(лар)га қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашига имкон беришлари керак», деб кўрсатилган талабларига сўзсиз амал қилиш йўли билан ЙТҲни олдини олиш техник имкониятига эга бўлганлиги аниқланган.
Суд-трассология экспертизасининг 01.02.2019 йилдаги 1114/13-сонли хулосасига кўра, «Lacetti 2» русумли автомашинада техник шикастлар аниқланиб, улар вертикал ҳолатда турган пиёда танаси билан тўқнашиб, танани капот усти ва олд ойнага келиб тегишидан келиб чиққанлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси терговчисининг 09.02.2019 йилдаги қарорига кўра, мазкур жиноят ишининг Ж.А.га марҳум Н.Х.нинг қариндошлари томонидан тан жароҳати етказганлик ҳолати бўйича бир қисми ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 6-бандига асосан тугатилган.
Суд мажлисида Ж.А. томонидан «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 77-бандининг 1 ва 2-қисмлари ҳамда 111-банди талаблари бузилганлиги натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ўз исботини топди.
Ж.А. Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.
Ж.А.га Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисми билан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 72-моддасини қўллаб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартли ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгиланди.