Қашқадарёда тадбикордан пул талаб қилган "Ўзбеккинвест" бўлим бошлиғи қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Хабарда айтилишича маҳаллий тадбиркорлардан бири Қарши шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотлари сақлашга мўлжалланган совуткичли омборхона қуриш учун 1 миллиард сўм миқдорида кредит олиш мақсадида тижорат банкига мурожаат қилади.
Белгиланган тартибга кўра тадбиркорга банкдан кредит олиш учун дастлаб суғурта компаниясига мурожаат қилиши лозимлиги айтилади. Тадбиркор “Ўзбекинвест” миллий суғурта компаниясининг Қарши шаҳар бўлими бошлиғи Собир Каримовга бориб учрашганида эса, у 4000 АҚШ доллари эвазига 1 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилишига кўмаклашишни ваъда қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Собир Каримов тадбиркордан 4 минг АҚШ доллари олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Собир Каримовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.