2018 йил 25 ноябрь куни, С.Акбаров хавфли рецидивист бўла туриб, ўзининг танишлари И.Абдулаҳатов, Т.Азизов ва тергов даврида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахслар билан безорилик жиноятини содир этиш мақсадида, ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, 2018 йил 20 июнь куни Хонтўраев Мурод Махамадусмонович томонидан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчасида жойлашган “AURUM 898” тунги клуби ёнида Тешабаев Фурқат Тўлқин ўғлини уриб-дўппослаб тан жароҳатини етказганлиги сабабли, ундан ўч олиш мақсадини кўзлаб жиноят содир этиш режасини тузишган. Бу ҳақда "jahon.uz" хабар қилди.
Режага асосан, С.Акбаров ва И.Абдулаҳатовлар “Чор-Су” бозоридан 10 жуфт қора рангли махсус кийим, этик ва ниқобларни харид қилиб, 2018 йил 26 ноябрь куни тузилган жиноий гуруҳ аъзоларига Олмазор тумани, Нурафшон кўчаси, “Дийдор” чойхонаси ёнида махсус кийимларни бериб, гуруҳ аъзолари томонидан ушбу кийимлар кийилиб, гўёки ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларидек кўрсатиш мақсадида, ўзларида бўлган бир дона пневматик пистолет, бир дона пичоқ, икки дона арматура бўлаги, икки дона пластмасс труба бўлаги, тўрт дона ўйинчоқ автомат ва икки дона рациялар билан қуролланишиб, тузилган жиноий режага асосан, жиноий гуруҳ аъзолари давлат рақам белгиси 01 Н 717 VА бўлган оқ рангли “Кобальт” ва рақамсиз қора рангли “Жентра” автомашиналарига ўтиришган.
Сўнг, С.Акбаров таниши Э.Касимов билан Олмазор тумани, Нурафшон кўчасида жойлашган “Дийдор” чойхонаси ёнида кўришиб, унга М.Хонтўраевни қаерда эканлигини аниқлаб бериш ҳақида вазифани бериб, Э.К. томонидан М.Хонтўраев Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Pablо” кафеси ёнидаги офисга келганлиги ҳақида маълумотга эга бўлиб, ушбу маълумотни телефон орқали С.Акбаровга етказган ва у ўз ўрнида жиноий гуруҳ аъзоларини режага мувофиқ мазкур офисга бошлаб келиб, ушбу ерда жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шу ердаги бильярд хонада бўлган М.Хонтўраев, Саидов Икром Эркинович ва Зунунов Салоҳиддин Фахриддиновичларни уриб-дўппослашиб, қўлларида бўлган кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган пичоқ, пластмасс труба ва темир арматура бўлакларини намойиш қилиб, қўллаб, М.Хонтўраев, И.Саидов ва С.Зунуновларга тан жароҳати етказишганлиги аниқланган.
Олинган тан жароҳатлари билан М.Хонтўраев 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига “ўнг оёқ сон юқори қисми, ўнг думба санчиб кесилган жами 9 та жароҳат, иккала курак соҳаси шилиниб йиртилган жароҳати” ташхиси билан ётқизилган.
Олинган тан жароҳатлари билан И.Саидов РШТЁИМга “бош мия ёпиқ жароҳати, бош тепа соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, ўнг қулоқ эзилиб йиртилган жароҳати, ўнг билак тўқималарини лат еган жароҳати” ташҳиси билан ётқизилган.
Терговчининг 01.12.2018 йилдаги қарорига кўра, С.Акбаровга Ўзбекистон Республикаси ЖК 277-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари билан айб эълон қилинган.