Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Юнусобод туманидаги 23-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси — 15 ёшли Р.С.га тан жароҳатлари етказилгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилган, дея хабар қилди "Daryo-Live" канали.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси — 2003 йил туғилган Р.С.дан мутахассислар иштирокида тушунтириш хати олинганда, Н.Тўхтаев исмли муассаса тарбиячиси уни жорий йилнинг 19 январь куни сабабсиз хонасига чақириб, оёқ қисмига пол ювиш учун мўлжалланган ёғоч швабра билан урганини маълум қилган.
Р.С. ушбу қийноқларга чидамасдан меҳрибонлик уйидан қочиб кетгани (3 ва 6 февраль кунлари) сабабли тарбиячи бу сафар уни муассаса омборхонасига олиб кириб, қўл оёқларини боғлаб урган, омборхонада уч кун мобайнида сақлаган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг 29 мартдаги хулосасида Р.С.да аниқланган тан жароҳатлари қаттиқ ўтмас жисм таъсирида етказилган бўлиб, оғирлик даражаси бўйича соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келмайдиган енгил тан жароҳати деб баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 30 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаган шахсни қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 7 апрель куни кейинги тергов ҳаракатларини давом эттириш учун Юнусобод милициясининг тергов бўлимига юборилган.
Жиноят иши юзасидан С.Бавбекова, Д.Фазилов, Н.Зияева, Н.Шоматова, Р.Гилмеева, Н.Ш.Ташходжаева гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. Жиноят иши бўйича Н.Тўхтаев ҳимоячи иштирокида гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган. «Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.